30 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида туризм йўналишида фаолият олиб борувчи жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Меҳмонхоналар, Гидлар ва Гастрономик туризмни ривожлантириш ассоциациялари, Аэронавтика, Экстремал ва тоғ туризми федерациялари, География ва Экотурзм жамиятлари раҳбарлари ҳамда Қўмита масъул ходимлари иштирок этишди. Таъкидлаш жоизки, юртимизнинг мавжуд сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш жараёнида жамоат ташкилотларининг ҳали ишга солинмаган имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, дунё тажрибасидан аёнки, давлат органлари ўз вазифаларининг бир қисмини жамоат ташкилотларига босқичма-босқич ўтказиб бормоқда.
Натижада жаҳон миқёсида жамоат ташкилотлари сони ва аҳамиятининг муттасил ошиш тенденцияси кузатилмоқда. Шуниси қувонарлики, сўнгги вақтларда Ўзбекистонда фаолияти туризм соҳаси билан боғлиқ бўлган янги жамоат тузилмалари ташкил этилиб, уларнинг сафи кенгайиб бормоқда. Хусусан, Гидлар уюшмаси, Меҳмонхоналар ассоциацияси, Гастрономик туризмни ривожлантириш ассоциацияси, Экотуризм жамияти ўз фаолиятларини бошлади. Учрашувда жамоат ташкилотлари фаолиятини янада ривожлантириш масалалалари муҳокама этилди. Хусусан, Туркия Республикасининг тажрибасидан келиб чиқиб, давлатнинг айрим функцияларини бажариш жараёнида соҳадаги жамоат ташкилотлари иштирокини таъминлашга доир қатор таклифлар илгари сурилди.







