1

Ўзбекистонлик ёш киноижодкорлар Болливудга боради

МАДАНИЯТ 01.11.2019, 10:03
Ўзбекистонлик ёш  киноижодкорлар Болливудга боради

Ҳиндистоннинг 2019-2020 йилларга мўлжалланган техник ва иқтисодий ҳамкорлик дастури (ITEC Scholarship Training Programs for 2019-2020) доирасида ўзбекистонлик 15 нафар ёш киноижодкор Ҳиндистонда кино соҳасида малака оширадилар.

"Ўзбеккино" Миллий агентлигининг бош директори Фирдавс Aбдухолиқов билан Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси жаноб Сантош Жа ўртасидаги мулоқот чоғида ана шундай келишувга эришилди.

“Ушбу дастур ўзбекистонлик номзодларни барча ўқитиш харажатларини қоплайди, - деди Сантош Жа учрашув чоғида, – Бундан ташқари, индивидуал дастурларни ташкил қилиш, 2-3 ойлик кинематография курсларини ўташга имкон беради".

Мулоқот чоғида Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида кино соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан бир қатор фикр ва таклифлар билдирилди. Жумладан, 60 йиллик тарихи давомида ҳинд киносининг энг таниқли юлдузларини етиштириб чиқарган Пуна шаҳридаги кинематогрифия институти билан ҳамкорлик ўрнатиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. 

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги раҳбари Фирдавс Aбдухолиқов Бухоро ва Хивада амалга оширилаётган иккита ҳинд кинолойиҳаси ва Aгентликнинг яқин келажакда режалаштирилаётган Ҳиндистон билан боғлиқ лойиҳалари ҳақида гапирди. Жумладан, режиссер Жаҳонгир Қосимов суратга олаётган "Ибрат" филмининг айрим эпизодлари Ҳиндистонда суратга олинади. 

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қайта тикланаётган Тошкент кинофестивали ҳақида ҳам сўз борди. 1968-1992 йиллар давомида ўтказиб келинган ушбу фестивалда ҳинд киносининг Раж Капур, Шиям Бенегал, Шабана Азми сингари сўнмас юлдузлари ҳам ташриф буюришган. 

Ҳиндистонлик элчи Сантош Жа ушбу ғояни қўллаб-қувватлашга ва Ҳиндистоннинг машҳур кино юлдузларини ушбу фестивалга жалб қилишга тайёрлигини билдирди.

Фирдавс Aбдухолиқов шунингдек, Ўзбекистонда миллий кино саноатининг халқаро медиа бозорида жозибадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларни қайд этди. Хусусан, Ҳиндистон элчисига кино туризмида олиб борилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, Ўзбекистонда кино лойиҳаларини амалга оширишда 2020 йил 1 январдан бошлаб  хорижий киноижодкорларнинг лойиҳаларини Ўзбекистонда амалга ошириш харажатларини қоплашга қаратилган «Rebate» тизимининг ишга туширилиши ҳақида ҳам маълумот берилди. 

Учрашув давомида томонлар 2020 йилда Ҳиндистонда "Ўзбекистон киноси кунлари" ҳамда юртимизда "Ҳинд киноси кунлари" ни ўтказиш зарурлигини таъкидладилар.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1