Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов ҳам «Устоз-шогирд» анъанасини давом эттирган ҳолда, ўзи таълим олган Зомин туманидаги 42-мактабга ташриф буюрди ва у ерда устозлари ҳамда мактаб ўқувчилари билан учрашди.
Таъкидлаш жоизки, Абдулазиз Аққуловнинг ҳозирда фаолият юритаётган соҳаси – туризмга бўлган ҳақиқий меҳрни унинг география фанидан сабоқ берган устози Ибодулла Суяров уйғотган. Шогирд устозининг ана шундай меҳнатини қадрлаган ҳолда, ушбу мактабнинг география хонасини замонавий таъмирлаб, уни зарур жиҳозлар билан таъминлади ва устозларининг дуосини олди. Шу билан бирга, Абдулазиз Аққулов ушбу мактаб кутубхонасига география, тарих, туризмга доир ўқув қўлланмалари ҳамда кўплаб бадиий адабиётлар совға қилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. 42-мактабга ташрифи доирасида айни дамда ушбу таълим муассасасида билим олаётган ўқувчилар билан учрашди, улар билан бугунги кунда юртимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар ва бунинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашди ҳамда ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берди, уларга мотивасия улашди.

Сўзи сўнгида Абдулазиз Аққулов мактаб ўқувчиларини ушбу олтин даврдан самарали фойдаланиб қолиш ҳамда чуқур билим олишга чақирди.






