АсосийJamiyat

Суд Марғилонда терговнинг тахминга асосланган айбловини фош этди

'Суд Марғилонда терговнинг тахминга асосланган айбловини фош этди'ning rasmi

Ёхуд  39  ёшли  фуқарога  жазо тайинланишини  сўраган  МЧЖ  ходимининг  ўзи айбдор бўлиб  чиқди  ва  10  млн.  сўм  маънавий зарар  тўлайдиган  бўлди...

 

АЙБЛОВ ХУЛОСАСИ...

2019 йил 21 январь куни кечки пайт МЧЖда ишлайдиган 28 ёшли электр-монтёр Марғилон шаҳар Зуҳро маҳалласи худудида фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйдаги хонадонлар эгаларидан жамият томонидан бажарилган электр-монтаж ишлари сифати ҳақида тилхат олишга боради. Ертўла эшиги олдида ўша хонадонда яшовчи 39 ёшли фуқаро электр-монтаж ишлари сифатсиз бажарилганини айтиб, эътироз билдиради. Ўзаро жанжаллашиб, электр-монтёрнинг кўкрагидан ита- риб юборади. Натижада у йиқилиб, бош қисмидан тан жароҳати олган. Фуқаро эса хонадонига кириб кетган.

 

ЭКСПЕРТИЗА ХУЛОСАСИ

Марғилон суд-тиббий экспертиза бюросининг 24 январдаги ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Фарғона филиалининг 17 апрелдаги қўшимча эксперт хулосасида тан жароҳати қаттиқ ўтмас жисм таъсирида етказилган бўлиши мумкинлиги ва аниқланган тан жароҳатлари 6 кундан ортиқ 21 кундан кўп бўлмаган муддат ичида ўтиб кетадиган енгил шикастлар тоифасига кириши кўрсатилган. Шунга кўра, фуқарога ЖК 109-моддасининг 2-қисми билан айб эълон қилиниб, судга берилган.

 

"ДАСТЛАБКИ ТЕРГОВ ҚОНУН ТАЛАБЛАРИГА ЗИД ЎТГАН"

Мансурбек ИБРАГИМОВ,жиноят ишлари бўйича Марғилоншаҳар суди раиси: 

— Дастлаб ки тергов органи томонидан қонун талабларига риоя қилинмай, ишдаги барча ҳолатларни синчковлик билан ҳар томонлама, холисона кўриб чиқилмаган. Ҳар бир далил ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланмаган.

Электр-монтёр дастлабки терговда ва судда турлича кўрсатмалар берган.

 

"ШЕРИГИ БИЛАН УРИБ-ДЎППОСЛАДИ"

Фуқаро дастлабки тергов ва судда қуйидагича кўрсатма берди...

— 15 йилга кредит асосида уй сотиб олдим. Қурувчи билан расмийлаштирилган шартнома шартларига кўра, у хонадонимни таъмирлаб бериши шарт эди, таъмирламади. Хонадоним 1-қаватда бўлгани учун ертўлани ҳам сотиб олганман. Қурувчига подъезддаги электр симлари чиқиб ётгани учун бир неча маротаба таъмирлаб беришларини айтганман. Шу тариқа қурувчи билан ўртамизда зиддият пайдо бўлган. 21 январ да ертўламда футбол томоша қилаётганимда ертўла эшиги тақиллади. Очсам, МЧЖнинг электр-монтёри турибди.

— Имзо қўйиб беринг,дея қоғоз тутқазди.

Қандай қоғоз? Нима учун имзо қўяман? – деб сўраганимни биламан, дўқ урди.

Имзо қўймайман. Барча таъмирлаш ишларини ўзим бажардим-ку, – дедим.

Тинч яшашни хоҳласанг, имзо қўй, – дея дўқ уришда давом этди. Оғзаки жанжаллашдик.

Овозимизни эшитиб, хонадондан хотиним чиқиб келди. Электр-монтёр бизни ҳақорат қилиб, ташқарига чиқиб кетди. Бироз вақт ўтгач, электр ўчиб қолди.

Фақат бизнинг уйда электр ўчди. Машинамиз олдида электр-монтёр турибди, – деди хотиним. Ташқарига чиқсам, электр-монтёр шериги билан мени уриб-дўппослади. Фуқаро ва электр-монтёрнинг кўрсатмаларида жиддий қарама-қаршиликлар бўлиб, бу ҳолат суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари вақтида бартараф қилинмаган. Ҳодиса жойини кўздан кечиришда иш учун аҳамиятли бирор-бир ашё олинмаган. Ваҳоланки, электр-монтёр бошидан қон оққанини айтган. ИИБ ходими эса воқеа жойида қонга ўхшаш доғлар борлигини баён қилган. Судда тергов органининг камчиликлари ЖПК 414–417-моддалари талаби асосида бартараф қилинди. Бироқ, ҳар бир ҳолат синчковлик билан, ҳар томонлама, холис ўрганилиши натижасида шахснинг айбини исботловчи далилларни тўплаш имкони бўлмади.

Бундан ташқари, МЧЖнинг вакили МЧЖ манфаатини кўзлаб, қандай бўлмасин, хонадон эгаларидан тилхат олишга эришиш мақсадида ҳар қандай усулдан фойдаланиши мумкинлиги танқидий нуқтаи назарда ўрганиб чиқилмаган.

Электр-монтёрнинг танасида тан жароҳати борлигини тасдиқловчи эксперт хулосаси муқаррар далил ҳисобланмайди. Фуқарони айбли деб то- пиш тахминга асосланган бўлади ва бу қонунга зид қарор ҳисобланади.

 

Мансурбек ИБРАГИМОВ,жиноят ишлари бўйича Марғилоншаҳар суди раиси: 

39 ёшли фуқаро ЖК 109-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятнинг содир этилишида айбсиз деб эътироф этилди ва оқланди. Электр-монтёр ЖКнинг тегишли моддаси билан айбли деб топилди. ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, кеч соат 18:00 дан эрта соат 9:00 гача яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

29 ёшли шерик ҳам ЖКнинг тегишли моддаси билан айбли деб топилди. ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, кеч соат 18:00 дан эрта соат 9:00 гача яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Электр-монтёр ва унинг шеригидан 39 ёшли фуқарога 10.000.000 сўм маънавий зарар ундириб берилиши белгиланди. Тегишли мансабдор шахсларнинг эътиборини суриштирув ва дастлабки тергов ўтказишда йўл қўйилган камчиликларга жалб қилиш тўғрисида хусусий ажрим чиқарилди.

 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар