UzAuto Motors Service & Trade-In Center янги сервис ва савдо марказида бугунги кунда янги автомобилларнинг кенг ассортименти сотувда мавжуд, улар Trade-In дастури доирасида мижозларга таклиф қилинмоқда, дея хабар беради компания ахборот хизмати.
Ушбу дастур минилган автомобиль соҳибларига машиналарини автосалонда қўшимча тўлов билан, мутлақо янги автога алшмаштириш имконини беради.
UzAuto Motors Service & Trade-In Center марказида янги ва эскирган автомобиллар учун мўлжалланган кенг савдо майдончаларидан ташқари, замонавий ускуналар билан жиҳозланган таъмирлаш ва бўяш ангарлари мавжуд. Автоуловларни тез ва сифатли таъмирлаш учун марказда энг замонавий ускуналар ва ишлаб чиқарувчининг эҳтиёт қисмлари катта омбори мавжуд. Шунингдек, марказда газ ускуналарига хизмат кўрсатиш бўлими ҳамда замонавий ва кенг автоуловларни ювиш жойи ҳам бор.
Мижозлар учун қулайлик яратиш мақсадида марказ ҳудудида автомобиль эҳтиёт қисмлари, кимёвий воситалар ҳамда буюмлар дўкони, иккинчи қаватда ангардаги таъмирлаш ишларини кузатиш имкониятини берувчи шинам кафе фаолият юритмоқда. Энг кичик ташриф буюрувчилар учун марказнинг ҳовлисида ва кафеда болалар ўйин майдончаси ва ўйин хонаси хизмат кўрсатмоқда.
Харидорлар қулайлиги учун trade-in.uz сайти ишга туширилган, у ерда мижоз дилерлардаги сотиш учун қўйилган минилган автомобилларнинг шу кунги нархидан бохабар бўлишлари, шунингдек ушбу хизмат бўйича барча керакли ахборотни олишлари ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топишлари мумкин.






