АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш масаласида дарсликлар ҳам ўрганиляпти

Китоб ва дарсликларимизда бирор мавзу ёритилганда қизларга нисбатан ўғил болалар кўпроқ ми...

'Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш масаласида дарсликлар ҳам ўрганиляпти'ning rasmi

Китоб ва дарсликларимизда бирор мавзу ёритилганда қизларга нисбатан ўғил болалар кўпроқ мисол келтирар экан. Шу боис эндиликда таълим тизимида ҳам гендер тенглик таъминланади. Бу ҳақда Ўзбекистонда Гендер тенгликка эришиш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқишга бағишланган давра суҳбатида сўз борди. 

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази бўлими бошлиғи Қўлдош Саидовнинг маълум қилишича, таълим тизимида гендер тенгликни таъминлаш борасида ишлар бошланган.

— Бола 7 ёшдан 18 ёшгача мактабда бўлар экан, улар икки жинс вакилларининг тенг ҳуқуқлари ва имкониятлари ҳақида дарсда, фанларда билиб бориши керак. Ҳозиргача дарсликларимизда бу масала тизимли бўлмаган. Китобларда мавзулар ёритилганда ёки мисоллар келтирилганда қизларга нисбатан ўғил болалар кўпроқ. Баъзан оила ҳақида гап кетса ва сурати билан бериладиган бўлса, манзара шундай бўлади: бобо газета ўқиб ўтирибди, ота телевизор кўряпти, она эса ошхонада иш билан машғул. Бу ҳам боланинг психикасига таъсир қилмай қолмайди. Унда: “демак бобом, отам дам олиб ўтириши, онам фақат ошхонада ёки бирор иш билан машғул бўлиши керак”, деган тушунча шаклланади. Айни пайтда экспертлар бу борада иш олиб боряпти, - деди Саидов.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистонда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ҳужжат билан хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг мақоми, ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига риоя қилиш кафолатлари қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўйилди.

    Бошқа янгиликлар