АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда Гендер тенгликка эришиш стратегияси лойиҳаси 10 йилга мўлжалланмоқда

4 ноябрь куни Тошкент шаҳрида 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликк...

'Ўзбекистонда Гендер тенгликка эришиш стратегияси лойиҳаси 10 йилга мўлжалланмоқда'ning rasmi

4 ноябрь куни Тошкент шаҳрида 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳнинг давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан ташкил этилди.

Давра суҳбатида Гендер тенгликка эришиш стратегиясини ишлаб чиқишнинг асосий жиҳатлари муҳокама этилди. Гендер тенглик соҳасидаги халқаро, минтақавий ва миллий нормалар доиралари, оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш масалалари шулар жумласидандир. Бунда жамиятда турли салбий қонун-қоидалар ва гендер билан боғлиқ ақидалар мавжудлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан гендер билан боғлиқ ақидалар мустаҳкамлигига қарамай, турли мамлакатларнинг тарихи кўрсатишича, уларни ўзгартириш мумкинлиги таъкидланди. 

— Ишлаб чиқилаётган Стратегиянинг мақсади эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш ҳамда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя қилиш мақсадида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашдан иборат, - дейди Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси бош маслаҳатчиси Нодира Шотурсунова. 

Гендер масалалари бўйича эксперт Диловар Кабулова эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини таъминлашга доир миллий ҳаракатлар режалари ва стратегияси концепциясини ишлаб чиқишга доир намунавий таклифлар ва фаолият режаси тақдимотини ўтказди. Унга кўра, Стратегия 2020-2030 йилларга мўлжалланган. Уни ҳаётга тадбиқ этишнинг биринчи босқичи 2020-2022 йилларда, иккинчи босқичи 2022-2025 йилларда, учинчи босқичи эса 2025-2030 йилларда амалга оширилади. 

Гендер тенглиги аввало онгимизда рўй бериши керак

Давра суҳбатида иштирок этган БМТ Тараққиёт Дастури вакили Стратегияни ишлаб чиқишда хориж тажрибасини қўллашни таклиф этди. 

— Бунда Швеция, Япония, Марказий Осиё давлатларидан хорижий экспертларни жалб қилиш ҳамда хориж тажрибаси ўрганилади. Лекин тўғридан-тўғри Ўзбекисонга олиб кирилмайди, балки миллий урф-одатларимизга зарар етказмайдиган тарзда ўзлаштирилади, - дейди вакил.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистонда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинишини тарихий воқеа деб баҳолаш мумкинлиги, бугунда Олий Мажлис Сенатидаги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, вазирликлар, корхона ва ташкилотларда гендер тенглиги масаласи кун тартибида турганлиги қайд этилди. 

“Биз энг аввало дунёқарашимизни ўзгартиришимиз керак. Гендер тенглиги аввало онгимизда содир бўлиши, ҳар бир оилага кириб бориши керак” деди мутахассислар.

Давра суҳбатида Гендер тенгликка эришиш стратегиясини ишлаб чиқишнинг бошқа жиҳатлари ҳам муҳокама этилиб, уни қабул қилиш ва амалда рўёбга чиқариш бўйича аниқ қадамлар белгилаб олинди.

Муниса АЛИЕВА

    Бошқа янгиликлар