АсосийJamiyat

“Ипак йўлидаги туризм” Тошкент халқаро туристик ярмаркаси бўлади

'“Ипак йўлидаги туризм” Тошкент халқаро туристик ярмаркаси бўлади'ning rasmi

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Маркетинг бошқармаси вакили Шерзод Султановнинг хабар беришича, 13-15 ноябрь кунлари пойтахтимизнинг “Ўзекспомарказ” МККда “Ипак йўлидаги туризм” 25-Тошкент халқаро туристик ярмаркаси (ТХТЯ-2019) бўлиб ўтади. 

Тошкент халқаро туристик ярмаркаси – “Ипак йўлидаги туризм” (ТХТЯ) – Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақасининг туристик саноатидаги энг ёрқин,  энг йирик тадбир. 

Маълумот учун: Ярмарка 1995 йилдан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) расмий кўмагида ўтказиб келинмоқда.  Ҳар йили кўргазмада дунёнинг турли мамлакатларидан туризм соҳасидаги мутахассислар тўпланади. 

Тадбир ўтадиган жой – “Ўзекспомарказ” МККда миллий ва халқаро даражадаги иккита павилион ўрин олади.  Биринчи павилёнда мамлакат минтақаларининг миллий маданияти ва сайёҳлик салоҳиятининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи стендлар намойиш этилади,  иккинчисида – халқаро транспорт компаниялари,  давлат ташкилотлари,  дипломатик ваколатхоналар,  Ўзбекистон ва ундан ташқарида жойлашган туристик ва курорт жойлар стендлари намойиш этилади. 

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг туристик бозори қизиқарли ва илғор воқеаларга бой. Ярмарка доирасида иштирокчилар Чарқ бозори,  “Ипак йўли мазаси” миллий таомлар фестивали,Ўзбекистон сайёҳлик бренди элчиларининг халқаро форуми,  Шаҳрисабз халқаро миллий кийимлар фестивалининг тақдимоти,  ҳунармандлар учун маҳорат дарслари ва маҳсулотлар кўргазмаси,  Ўзбекистон ва Россия биринчи сайёҳлик форуми ва шу каби бошқа тадбирлардан баҳраманд бўлишади. 

Кўргазмада шунингдек, Ўзбекистоннинг ҳам хорижий мамлакатларнинг туристик йўналишларига бағишланган бир қатор тақдимотлар бўлиб ўтади.  “Туризм соҳасидаги инновациялар”,  “Туризм соҳасидаги тадбиркорлик субйектларига бериладиган имтиёз ва преференциялар” мавзуларидаги тақдимотлар,“Ўзбекистоннинг расмий йўлкўрсатгичи” мобил иловасининг тақдимотлари ва бошқалар шулар жумласидандир.

    Бошқа янгиликлар