Бугунги кунда, бензиннинг сотилаётган нархи ошиб бораётганлиги сабабли, автомобилларни муқобил ёнилғи турига ўтказиш, яъни сиқилган табиий газ (метан)га қайта мослаштирилаётган автотранспортларнинг сони кескин ўсиб борилиши кузатилмоқда.
Шунга қарамай, метанга бўлган талабнинг кескин ўсиши билан, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шахобчалари (АГТКШ)лар, автотранспортга ёнилғи қуйиш жараёнида, инсоннинг хаётига хавф туғдирмаслик учун барча техник қоидалар, йўриқномалар ва кўрсатмаларга риоя қилишга мажбурдир. Афсуски, ҳозирги пайтда транспорт воситалари эгалари ҳамда автомобилларга ёнилғи қуйиш шахобчаларнинг ходимлари томонидан қоидаларга риоя қилмаслиги тез-тез учраб туради.
Шу сабабли, АГТКШларнинг фаолиятини доимий равишда мониторинг қилиш, Ўзнефтгазинспекциясининг асосий вазифаларидан биридир.
Жорий йилнинг сентябрь ойида “Ўзнефтгазинспекция” томонидан Республикада жойлашган 60 та АГТКШда назорат тадбирлари ўтказилди. Тадбирлар натижасида бир қатор қўпол қоида бузилиш ҳолатлари аниқланди. Жумладан, 220 кг/см2 босим остида автомобилларнинг газ билан тўлдирилиши, назорат пости билан таъминланмаганлиги, газ баллонларга тегишли хужжатларнинг кўздан кечирилмаганлиги ва инсонга хавф келтирадиган бир қатор бошқа қоидабузарликлар аниқланди.
Юқорида айтиб ўтилган қоидабузарликлар аниқланганлиги сабабли, назорат тадбирлари ўтказилган 60 та АГТКШлардан 13 тасининг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.






