Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармасида хорижлик сармоядорларни қабул қилди.
“Хонобод Кю Би Коин” МЧЖ мутахассислари вилоятда турли русумдаги электромобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирган. Вилоят раҳбари хорижлик сармоядорлар билан суҳбат давомида ушбу лойиҳани тўлалигича қўллаб-қувватлашини билдириб, уларга белгиланган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиш борасида тушунчалар берди.
Айни чоғда корхона Андижонда фаолият бошлаганидан сўнг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнлари ҳақида сўз юритди, дея хабар беради Андижон вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати.
Вилоят ҳокими бугунги кунда бутун жаҳонда электромобиллар оммалашиб бораётгани ва айнан ушбу истиқболли лойиҳа замонавий, тежамкор ва энг асосийси, атроф-муҳитга зиён етказмайдиган транспорт воситаларининг вилоят йўллари бўйлаб ҳаракатланишига замин яратишини таъкидлаб ўтди.
Дарҳақиқат, бир марта қувватланганидан сўнг 100-150 километр масофани босиб ўтиш имкониятига эга бўлган енгил ва юк автомобиллари, электробус, мотоцикл ва махсус техникалар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Шу билан бирга вилоят ҳокими ички ишлар идоралари ходимларига мўлжалланган махсус машинани Андижон шаҳри шароитида синовдан ўтказиш борасида топшириқ берди. Синов давомида аниқланган камчиликларни бартараф этилганидан кейин эса мана шундай ихчам, замонавий кўринишдаги махсус машиналар ҳудудларнинг осойишталигини сақлашга муносиб ҳисса қўшади.
“Хан” русумидаги электромобиллар ажойиб техник характеристика, замонавий қиёфага эга. Табиийки, бундай автомобиллар бензин ёки дизель ёнилғисига эҳтиёж сезмайди. Қолаверса, оддий уй шароитида қувватлантириш ҳам жуда осондир.