Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йилнинг 1 июль кунидан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар “ejarima.uz” сайти орқали қабул қилинмоқда.
Тошкент вилояти ҳудудида ҳайдовчиларнинг қоидабузарликлари акс эттирилган видеоёзувлар сўнги бир ой мобайнида 542 тани ташкил этди. Фуқаролар томонидан юборилган ушбу ёзувларнинг 369 таси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгиланган низом талабларига мос деб топилиб, уларга нисбатан тегишли жарималар белгиланди. Шунингдек, ҳозирга қадар юқорида келтирилган ҳолатларнинг 234 тасидан белгиланган жарималар ундирилди.

Таъкидлаш жоизки, видеорегистратор орқали қайд этилган қоидабузарлик ҳолати тўғрисидаги видеоёзувда транспорт воситасининг русуми ва давлат рақам белгиси билан бирга сана ва вақт аниқ акс эттирилган бўлиши лозим.






