Ҳаммада битта савол: #Абдуллоҳқаерда?

ЖАМИЯТ 08.11.2019, 09:30
Ҳаммада битта савол: #Абдуллоҳқаерда?

2 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда "Абдуллоҳ қаерда?" сарлавҳаси остидаги пост тарқалгани, унда Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида яшовчи фуқаро Дилмурод Тоҳировнинг 20 яшар ўғли Абдуллоҳни ИИБ ходимлари олиб кетиб, бир ҳафтадан буён дарагини бермаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Айни пайтда интернет тармоқларида ва блогерлар орасида #Адбуллоҳқаерда? хештеги пайдо бўлди.

Ҳусусан, блогер Муҳрим бу борада ички ишлар тизимини танқид остига олмоқда:  

“...хабарларда такрор ва такрор тилга олинаётган Андижон вилояти ИИБ ёки Ўзбекистон ИИВда йигитнинг қаерда экани ва ҳозирги аҳволи ҳақида шунчаки бир оғиз ахборот бериш учун камида сўнгги 72 соатдан бери имконият бор, лекин улар бу имкониятдан фойдаланмаяпти — ваҳоланки, вақти келса маҳалладаги справка муаммоси ҳақидаги бўлмағур хабарларга раддия беришга куч топилади.

«Молочная кухня» иши гўёки янгиланган суд ҳокимиятимиз учун бир имтиҳон бўлганди (ва суд ҳокимиятимиз бу имтиҳондан гурсиллаб йиқилди, дейиш мумкин, қайсидир маънода). Абдуллоҳ Тоҳировнинг иши эса гўёки янгиланган куч тузилмаларимиз учун шундай бир синов бўляпти. Мум тишлаб жим ўтириш, ўз қобиғига ёпилиб олиш билан бу синовдан умуман ўтиб бўлмайди лекин.

Мен Абдуллоҳ Тоҳировни танимайман, нима ишлар қилганини ҳам билмайман. Ростдан бирор жиноят қилгандир, балки бегуноҳдир. Энди бу муҳим эмас. Ҳозир энг муҳими — Абдуллоҳнинг қаерда ва қай аҳволда экани. Ҳозирча шугина саволларга жавоб берилса бўлди, қолгани бир гап бўлар.  

Қизиқ, шу жимжитликнинг бошида турган полковнигу генералларнинг ўз фарзанди 12 кун бедарак кетса, улар қай аҳволга тушишаркин? Ҳай, ҳеч кимнинг бошига солмасин! Ҳатто шу полковнигу генералларнинг ҳам...” —дейди блогер.

Биз ҳам вазиятга ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1