1

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳузуридаги Бадиий кенгаш ва Ўзбекистон киноарбоблари уюшмасининг барча телеканаллар ва интернет сайтлари раҳбарларига мурожаати

МАДАНИЯТ 11.11.2019, 13:13
Теглар: Ўзбеккино, мурожаат
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳузуридаги Бадиий кенгаш ва Ўзбекистон киноарбоблари уюшмасининг барча телеканаллар ва интернет сайтлари раҳбарларига мурожаати

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳузуридаги Бадиий кенгаш ва Ўзбекистон киноарбоблари уюшмаси барча давлат ва нодавлат телеканаллари, интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги муаллифлик блоглари ва бошқа тегишли ташкилот раҳбарларига мурожаат қилиб, киноасарларни эфирга узатишда муаллифнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилиши, намойиш қилинадиган фильмларнинг айрим эпизодларини кесиб, савияси ва мазмун-моҳияти бузилишига йўл қўймасликларини илтимос қилди. Мазкур мурожаатнинг тўлиқ матнини эълон қиламиз:

Муҳтарам ҳамкасблар!  

Бугунги кунда кино соҳасидаги киноқароқчиликнинг авж олиши ва муаллифлик ҳуқуқларининг ноқонуний тарзда бузилиши, давлат буюртмаси ва хусусий студиялар томонидан суратга олинган фильмларнинг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда давлат ва нодавлат телеканаллари орқали намойиш этиш, Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларга жойланиши оддий бир ҳолга айланиб қолганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Давлат буюртмасига биноан ҳамда хусусий студиялар томонидан суратга олинган фильмлар билан бир қаторда Голливуд ва бошқа нуфузли хорижий кинокомпаниялар фильмлари ҳам  айрим эпизодлари кесилган ҳолда давлат ва нодавлат телеканаллари орқали намойиш қилинмоқда. Бу эса ўз навбатида фақат фильмларнинг умумий мазмунига таъсир этибгина қолмасдан, балки уларнинг бадиий савиясига ҳам путур етказмоқда. Энг ачинарлиси, жаҳон ҳамжамиятида ўз нуфузини кўтараётган давлатимиз Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги имижига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.  

Киноасарнинг тўлиқ ҳолатидан бехабар бўлган томошабин фильмларни мантиқсизликда айблаётганининг ҳам гувоҳи бўляпмиз. Кинотеатрларда киноқароқчилик орқали юртимизга олиб кирилаётган  хорижий фильмларнинг ҳам ноқонуний тарзда намойиш этилиши авж олган. Шунингдек, интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги блоглар, телеграмм каналларида шахсий манфаат ортидан қувиб, давлат буюртмасига биноан ҳамда хусусий студиялар томонидан суратга олинган бир қатор фильмлардан парчалар кесиб олиб, уларни шахсий платформага жойлаш, картиналардаги кадрлардан кулгили мемлар ясаб, уни тарқатиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.  

Азиз ҳамкасблар!  

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугун Ўзбекистон муҳим сиёсий жараён олдида турибди. Жорий йилнинг 22 декабрь санасида Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Ушбу катта сиёсий воқелик боис сайловнинг шаффофлигини кузатиш мақсадида мамлакатимизга кўплаб хорижлик таниқли сиёсатчилар, журналистлар, блогерлар ва меҳмонлар ташриф буюришмоқда. Юртимиздаги мавжуд давлат ва нодавлат телеканаллари, кўнгилочар комплекслардаги турли кинотеатрлар, интернет сайтларидаги қароқчилик билан тўлдирилаётган ва қайчиланиб намойиш  этилаётган фильмларни  томоша қилган хорижлик меҳмонларнинг таажжубланишига, ўз юртига Ўзбекистон ҳақида негатив фикрлар билан қайтишига йўл қўймайлик.    

Ҳурматли ҳамкасблар!  

Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев  кино санъатининг ҳар томонлама ривожланиши учун бутун имкониятларни яратиб бераётирлар. Эртанги кунимизда  жаҳон кинобозорида фильмларимиз харидоргир бўлиши учун барчамиз баробар масъулмиз! “Бугун “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан АҚШ, Франция, Дания, Хитой, Ҳиндистон каби йирик мамлакатларининг нуфузли хорижий кинокомпаниялари билан ҳамкорлик меморандумлари, келишувлар, шартномалар имзоланмоқда. Зеро, юқоридаги муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши, қароқчилик ва қайчилаш ҳолатларига ҳозирдан барҳам берилмас экан, хориж давлатлари нафақат кино соҳасида, балки бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорликлардан бош тортиши шубҳасиз! Хориж давлатларининг мамлакатимиз нуфузи олдидаги ишончига раҳна солишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!  

Қонунчилик асослари ғоят мустаҳкам бўлган айрим ривожланган мамлакатлар интеллектуал мулкка дахл қилиш, муаллифлик ҳуқуқларини менсимасдан бузилишига қарши қатъиий жазо чораларини кўриши, жумладан бир неча йиллар озодликдан маҳрум қилиш, мол-мулкни мусодара этиш, йирик ҳажмда жарималар солиш каби чоралар белгилашини ёдга олсак, масаланинг нақадар долзарб ва аҳамиятли эканлиги аён бўлади.  Шу маънода Ўзбекистонимизни жаҳон майдонидаги муносиб ўрнига путур етказмаслик учун жорий йилнинг 1 декабригача барча давлат ва нодавлат телеканаллари, кинотеатрлар ва бошқа ижтимоий тармоқлари ўз эфирларини тозалашлари айни муддао бўлади.  

Ҳурматли ҳамкасблар!

Юқоридагилардан хулоса қилиб, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳузуридаги Бадиий кенгаш ва Ўзбекистон киноарбоблари уюшмаси айрим давлат ва нодавлат телеканаллари, Интернет ижтимоий тармоғидаги сайтлар ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарларидан бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни ҳамда бошқа амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўз фаолиятларини ташкил этишларини сўрайди. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ўз интеллектуал мулки бўлган киномаҳсулотларнинг бу тарзда намойиш этилиши ва қайчиланишига кўз юмиб қараб турмаслигини, ҳар бир платформада юқоридаги каби ҳолатлар кўзга ташланса, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонун асосида иш кўришини маълум қилади.

Ўзбеккино Миллий агентлиги Бадиий кенгаши ва Ўзбекистон киноарбоблари уюшмаси амалдаги ҳамкорликни қадрлаган ҳолда уни давом эттириш умидида эканлигини билдиради.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1