2019 йил 23 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида бир гуруҳ шахсларга нисбатан айблов ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда darakchi.uz'га Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди.
Судланувчилар фирибгарлик, пора беришга қасд қилиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш каби жиноятларни содир этишда айбдор деб топилди.
Аниқланишича, фирибгарлар ўзаро уюшган ҳолда гўёки ҳокимликда юқори мансабларда ишлайдиган таниш шахслар орқали Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Яшнобод туманиларидан бир гектардан кўпроқ ер майдони ажратиб беришни ваъда қилиб, тадбиркорлик субъектларининг бир миллион икки юз минг АҚШ долларини фирибгарлик билан қўлга киритишмоқчи бўлган. Бу жараёнда улар гўёки «керакли ҳаракатларни амалга ошираётгани», шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларида шубҳа уйғотмаслик ва уларни ишонтириш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахслари имзолари қалбакилаштирилган ҳужжатлар, шунингдек, Бош вазир раҳбарлигида мажлис ўтказилганлиги ҳақида сохта баённома тайёрлаб, уларга тақдим этган. Ва шу орқали ярим миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағни фирибгарлик билан қўлга киритишган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчилар — Т. Ж. (1995 йил) ва К. А.га (1988 йил) 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланди.
Шунингдек, А. А. (1995 ) энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. С. Т. (1987 йил) энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима ҳамда бир йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинди.
М. Р. (1979 йил)га жиноятдаги иштирокидан келиб чиқиб, жарима жазоси тайинланди.
Ҳозирги кунда Т. Ж., К. А., А. А. ва М. Р.лар томонидан ҳукмга нисбатан апеллация шикояти берилган.
Уларнинг шикояти жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясида 2019 йил 5 декабрь куни кўриб чиқилиши белгиланган.