Андижон вилоятининг Хонобод сиҳатгоҳида тиббиёт ходимлари куни тантанали тарзда нишонланди.
Тиббиёт соҳасида самарали меҳнат қилаётган 500 нафардан зиёд шифокорларнинг дам олиб ҳордиқ чиқаришлари учун алоҳида эътибор қаратилди. Шанба кунининг иккинчи ярмида Хонтоғда бунёд этилаётган дала-ҳовлилар, Оловиддин оромгоҳи ва Хонобод санаториясига жойлашган шифокорлар кечга қадар мириқиб хордиқ чиқардилар. Шифокорлар учун икки кун давомида ҳазил-мутойибага бой кўнгилочар тадбирлар, концерт дастурлари, спорт мусобақалари ташкил этилди.
Байрам тадбирида тиббиёт ходимлари, давлат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик, ОАВлари вакиллари, маданият ва санъат намояндалари иштирок этдилар.
Тадбирнинг тантанали қисмида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов президент Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Вилоят раҳбари шарафли ва масъулиятли касб эгаларига ўз эзгу тилакларини билдирди.
Сана муносабати билан Президент фармонига кўра бир гуруҳ тиббиёт ходимларига давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, соҳа илғорларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Бундан ташқари Пахтаобод туманидаги Озод қишлоқ врачлик пунктига тез тиббий ёрдам автомашинаси совға қилинди.
Тадбир давомида Андижоннинг эрка шоир ўғли, Ватан куйчиси Шарофиддин Болтабоевга юртни мадҳ этувчи шеърлари учун вилоят ҳокимининг қимматбаҳо совғаси, енгил автомашина топширилди, дея хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Тантанали тадбирда санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.