Куни кеча Интернетдаги ижтимоий тармоқларда фуқаро М.Акбарованинг видеомурожаати тарқалди ва кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Аёл видеомурожаатда прокуратура ходими Рахматуллаев Шавкат Шерматовичдан 19 минг АҚШ доллари миқдордаги пулларини қайтариб олиб беришни сўраган.
Бош прокуратура томонидан ушбу видеомурожаат ўрганилган. Бу ҳақида darakchi.uz'га Бош прокуратура матбуот хизмати раҳабари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Аниқланишича, Жиноят ишлари бўйича Янгийўл тумани судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан судланган Ш.Рахматуллаевдан жабрланувчи М.Акбарова фойдасига 13 минг АҚШ доллари ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатига асосан 2019 йил март ойида Мажбурий ижро бюроси Янгийўл шаҳар бўлими томонидан 13,8 миллион сўм ундирувчи М.Акбаровага тилхат асосида топширилган.
Шунингдек, Бош прокуратуранинг аралашуви билан жорий йилнинг апрель ойида қарздордан ундирувчи М.Акбарованинг талабига асосан 13 минг АҚШ доллари давлат курси бўйича ҳисобланиб, илгари қопланган 13,8 миллион сўмдан қолган 96 миллион сўм пул маблағи ундирилиб, М.Акбаровага тилхат асосида топширилган ва ижро ҳужжати ижроси амалда тўлиқ таъминланган.
Фуқаро Ш.Рахматуллаев ҳақиқатда 2000 йилга қадар прокуратура органлари тизимида ишлаб келган. Бош прокурорнинг буйруғига асосан прокуратура органларидан бўшатилган.






