1

Хушнуд Худойбердиев: “Номзодлар рўйхати: барчаси табиий, бундан ортиғини кутмагандим”

ЖАМИЯТ 13.11.2019, 11:30
Теглар: Хушнуд Худойбердиев, Номзод
Хушнуд Худойбердиев: “Номзодлар рўйхати: барчаси табиий, бундан ортиғини кутмагандим”

Бу йилги сайлов жараёнлари ҳар йилгидан ўзгача кўринишда тус олмоқда. Хусусан, куни кеча партия раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган очиқ дебатда жамоатчилик томонидан берилган саволлар ва фикрлар бунга ёрқин мисол. Кўпчиликни қизиқтирган масала — номзодлар танлови борасидаги саволлар эса ҳамон очиқ қолмоқда. Бу борада ҳуқуқшунос ва фаол блогер Хушнуд Худойбердиев муносабат билдирди:

“Сиёсий партиялар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига ўз номзодларини эълон қилгандан кейин бу бўйича турли қарашлар ва фикрлар билдирилмоқда.

Кўпчилик негадир номзодларни кўриб, ҳафсаласи пир бўлганини ва кўнгли тўлмаганини таъкидлашмоқда. Аммо шахсан мени номзодлар рўйхати мутлақо ажаблантиргани йўқ. Барчаси табиий, бундан ортиғини кутмагандим. Бунга қуйидагиларни асос қилиб келтириш мумкин:

Биринчидан, номзодларнинг барчаси ҳам интернетда машҳур эмас, шу сабабли бегона исм-шарифни кўриб, “ия, ким булар, қаердан келиб қолди ўзи” деяпмиз. Аммо улар кўпчилик айтгандай жуда унақа “бир тийинга” қиммат эмас. Республика ёки вилоят миқёсидаги катта раҳбарлардан тортиб, оддий ўқитувчиларгача кўрдим. Ҳар ҳолда ҳозирги депутатлар билан солиштирганда, кўрсатилган номзодлар ёппасига “ноқобил” эмас.

Иккинчидан, ҳа, тўғри, номзодларни кўра туриб, барчасини ҳам Олий Мажлис депутатлигига лойиқ, деб айта олмаймиз. Аммо бу ҳам табиий ҳол. Сабаби Ўзбекистонда номзодини қўйиш мумкин бўлган 750 нафар (5та партия 150 та округга кўрсатган номзодлар) салоҳиятли ва депутатликка мутлақо лойиқ деб ҳисоблаш мумкин бўлган мутахассисларни топиб бўлмайди. Бу қай даражада аччиқ бўлсада, тан олишимиз керак.

Учинчидан, биз билган ва биз кутган салоҳиятли инсонларнинг барчаси ҳам ўз номзодини қўйишга рози бўлавермайди. Уларга депутатлик керак эмас, улар ҳозирги ишида депутатлардан кўпроқ жамиятга фойдаси тегади, депутатдан бир неча баробар кўпроқ маош олади. Шу сабабли мажбурласангиз ҳам, улар номзодини қўйишга, иссиқ жойини совутишга рози бўлмайди. Шахсан ўзим бир нечта ана шундай инсонларни биламан, депутатликка номзодини қўйиш ҳақидаги таклифларни рад қилишди.

Тўртинчидан, жорий депутатлар орасида қайта номзоди қўйилганларнинг кўпчилиги нотаниш ва яна депутат бўлишга нолойиқ, деб ҳисоблаётган инсонлар ҳам кўплаб топилади. Бир нарсани тушуниш керакки, ўтган 5 йил давомида депутатлик корпуси ижро ҳокимияти учун амалдорлар етиштириб чиқарувчи масканга ҳам айланиб қолди. Жуда кўп депутатлар давлат ва нодавлат ташкилотларига турли лавозимларга тайинланди. Масалан, биргина ЎзЛиДеП мисолида оладиган бўлсак, ўндан ортиқ депутатлар у ёки бу лавозимни эгаллади. Билганларим:

Абдуқодир Тошқулов – ТерДУ ректори;

Раҳимжон Ҳакимов – Адлия вазири ўринбосари - ТДЮУ ректори;

Элбек Шукуров – Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари;

Рустам Қобилов – Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари;

Жамол Носиров – Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари;

Илҳом Носиров – аввал Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари, ҳозир Фарғона тумани ҳокими;

Ўткир Бўтаев – Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари;

Нодир Ражабов – Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари;

Дилфуза Уролова – Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари.

Бу каби мисолларни бошқа партиялардан ҳам кўплаб кўриш мумкин. Яъни шундоқ ҳам 5 йил давомида энг яхши депутатлар ижро ҳокимияти тизимига ўтиб кетишган ва улар қайта номзодини қўйишмайди. Мана шу фактор ҳам қайта номзоди қўйилган депутатлар таркибига яхшигина таъсир ўтказмай қолмаган.

Бешинчидан, жамоатчилик айтаётган фикрларда ҳам жон борлигини тан олишимиз керак. Кўпчилик кутган айрим жамоатчилик вакиллари ёки депутатларнинг номзоди кўрсатилмаганига бирор изоҳ берилса, яхши бўларди. Лекин улар ҳам ваҳимали даражада кўп эмас. Шахсан мен, биргина депутат Абдурашид Абдуқодиров номзоди қўйилмаганига бироз (кўп эмас) ажабландим. Абдурашид ака ўз номзодини қўйишга ҳаракат қилганми ёки йўқ, бунисини ҳам билмайман. Балки ўзи хоҳламагандир. Ким билсин. Агар бошқача вазият бўлса, албатта изоҳ берилиши керак”.

Шарҳлар

Ҳафта давомида 5 та партия ҳам пленумларда президентликка номзодларини тавсия қилди

07.08.2021, 19:09

Ҳафта давомида 5 та партия ҳам пленумларда президентликка бўлажак номзодларни тавсия қилди:Ўзбекистон Экологик партияси — Нарзулло Обломурадов;"Адолат" СДП — Баҳром Абдуҳалимов;"Миллий тикланиш" ДП — Алишер...
“Акмал ва Актам акалар кўрпа ичига тўн билан кириб ётганларнинг муаммосини тушунармикан?!” Қашқадарёликлар номзодлардан хавотирда

16.12.2019, 09:57

“KESHNEWS” ўз саҳифасида воҳаликларни ташвишга солаётган айни пайтдаги масалани билдирди:“Сиёсат қизиқ жараёнда! Исталган одамни "ақлли" қилиб қўяди. Сиёсатчининг сўзлари муҳокама қилинади, лекин лой кечиб юрган...
“Ҳукумат битта уй учун фуқароларига икки хил нархда бож белгилашини кимдир мантиқан тушунтириб бера оладими?”

27.11.2019, 10:28

Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларга ўз муносабатини доимий ва ўринли бериб бораётган Хушнуд Худойбердиев бу сафар ҳам йиллар давомида “пойтахтдагилар”ни қийнаётган яна...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1