“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.
Қонунга мувофиқ, баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан 20 га яқин қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра прокуратура органлари ходимлари ишининг ўзига хос томонларидан келиб чиққан ҳолда, 20 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимларга 15 календарь кун қўшимча таътил берилади.
Шу билан бирга, эндиликда Прокуратура органлари ходимларига илмий, педагогик ва ижодий фаолият билан шуғулланишга рухсат этилади (илгари улар илмий, ўқитувчилик ва ижодий фаолият билан фақат асосий ишдан бўш вақтда шуғулланиши мумкин бўлган).
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.