Бугун, 13 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева “Одам савдосига қарши курашишда судларнинг ўрни” мавзусидаги халқаро конференциянинг расмий очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар қилди.

Одам савдосига қарши курашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 2019 йилда Президент Фармони билан Сенат Раиси раҳбарлигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилди.
Танзила Нарбаева Миллий комиссия томонидан ўтган даврда амалга оширилган ишларнинг натижаларига алоҳида тўхталди. “Cotton Campaign”, “Human Rights Watch” каби халқаро ташкилотлар тавсияларини инобатга олиб, одам савдоси ва мажбурий меҳнат соҳасида Ўзбекистон эгаллаган ўрнини яхшилашга қаратилган “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида профилактик ва тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди ва натижада одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар кейинги икки йилда қарийб 3,2 баробарга камайди”, деди Сенат Раиси. Шунингдек “мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида кўрилган чоралар натижасида биргина жорий йилнинг ўзида 250 нафарга яқин мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилди”, деб таъкидлади Танзила Нарбаева.
Сенат Раиси хориждаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинганига ҳам урғу берди. Шу мақсадда одам савдосига қарши курашиш билан боғлиқ муаммоларнинг туб илдизини чуқур таҳлил қилиш, жиноят-қидирув ишларини олиб боришда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласини келишиб олиш зарурлиги таъкидланди.






