Бухоро шаҳрида “ВАЗ 21011” русумли автомашина олиб қочилганидан сўнг давлат рақам белгилари ечиб олинган ҳолатда Шайх ул-Олам кўчасидан топилган, дея маълум қилди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.
Аниқланишича, 2019 йил 13 ноябр куни тахминан соат 10:00 да Бухоро шаҳар И.Мўмин кўчаси 28-уй олдида фуқаро И.Г. томонидан қаровсиз қолдирилган “ВАЗ 21011” русумли автомашина 28 ёшли А.Ш. томонидан олиб қочилган.
Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида ушбу автомашина Бухоро шаҳар Шайх ул-Олам кўчасида олди ва орқа давлат рақам белгилари ечиб олинган ҳолатда топилган.
Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш жараёнида автомашинанинг олди давлат рақам белгиси Зулфия кўчаси йўл ёқасидан топилиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 13 ноябр куни Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан А.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
15.11.2019 10:40