2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида туман(шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 595 707 фуқаро иш топишга ёрдам сўраб мурожаат қилган. (улар орасида 30 ёшгача бўлганлар сони 213 707 нафарни ташкил этган).
Мурожаатчиларнинг 267 470 нафари иш билан таъминланди, 216 778 киши жамоат ишларига жалб қилинди. 30 645 нафар фуқаро касбга ўқитишга жалб қилинган бўлса, 47 960 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди.
Ишсиз фуқароларни иш билан таъминлашга кўмаклашадиган янги хизмат турига эҳтиёж пайдо бўлаётгани сабабли Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фуқароларга моддий ёрдам шаклида Давлат жамғармаси ҳисобидан субсидия ва грантлар тақдим этишни йўлга қўйди. Хусусан 10 666 нафар ишсизга 8,9 млрд. сўм миқдорда субсидиялар, шунингдек ишсизларни касб-ҳунарга ўқитаётгани учун иш берувчиларга ҳам шу турдаги моддий рағбат кўрсатилган.
Яна 8,5 мингдан ортиқ ўзини-ўзи иш билан таъминлаган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилди. Бу уларга иш стажини ҳисобга олиш ва пенсия олишга имкон беради. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнат ресурслари миқдори ва сифатини ҳар томонлама таҳлил қилиш, сифатли ва объектив баҳолаш, шунингдек аҳолини иш билан таъминлаш ва бандлигини ошириш мақсадида меҳнат бозорини ўрганишда давом этади.






