Мамлакатимизда ижтимоий соҳани ривожлантириш, хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида янги иш ўринларни яратиш ва шу орқали аҳоли бандлигини таъминлашга эришилмоқда.
Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишида имтиёзлар яратилиш ва бу борада уларга кўмак бериш мақсадида Хоразм вилоятидаги ҳарбий қисм қўмондонлиги ҳамда Шовот туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда подполковник Ҳаётжон Мусаевнинг турмуш ўртоғи, “Шоҳизамин ҳаёт” хусусий корхонаси раҳбари бўлган Шаҳноза Нарзуллаевага тумандаги “Қият” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган ва анчадан бери фойдаланмасдан келинаётган 2000 квадрат метр ер майдони берилиб, 1000 квадрат метр майдонли бино ва иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
– “Микрокредитбанк” АТБ Шовот тумани филиали ҳамда Урганч ҳарбий прокуратураси кўмаги билан ушбу бино ва иншоотларда паррандачилик билан тадбиркорликни йўлга қўйиш ва янги иш ўринларини яратиш мақсадида 200 млн. сўм миқдорида кредит ажратилди”, – дейди корхона раҳбари. – Мана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, 5 та янги иш ўринларини очишга муваффақ бўлдик. Ҳозирда ушбу иш ўринлари билан ҳам ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари таъминланди. Товуқ гўштини етиштириш учун 5500 дона жўжа сотиб олинди ва парваришлаш ишлари бошланди. Тадбиркорлик фаолиятимни бошлашимда бизга кўмак берган барча давлат органлари ва ташкилотларга миннатдорчилигимни билдираман.
Корхона очилиш маросимида Шовот туман ҳокимлиги, Урганч гарнизони қўмондонлиги ҳамда Урганч ҳарбий прокуратура вакиллари иштирок этди. Сўзга чиққанлар ушбу мақсадли ишни бошлаган тадбиркор фаолиятига муваффақиятлар тилаб, келгусида ҳам кўлдан келганча ёрдам беришга ваъда беришди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати






