Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти “Журналистлар уйи” биносининг ачинарли аҳволга келиб қолганлиги ҳақида хабар эълон қилинди.
Мазкур ҳолатга нисбатан вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати расмий муносабат билдирди:
Унга кўра, Қарши шаҳрида жойлашган “Журналистлар уйи”нинг таъмирлаш ишлар охирига етмай қолганлиги бўйича маълумот вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи З.Мирзаевга маълум қилинган.
Бу масалада вилоят ҳокими жорий йилнинг 18 ноябрь куни масъуллар билан йиғилиш ўтказиб, тегишли топшириқларни берган.
Жумладан, вилоят ҳокими ўринбосари С.Азизов ва вилоят молия бошқармаси бошлиғи Ф.Юсуповларга таъмирлаш ишларини тез орада якунлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш, шунингдек, вилоят ҳокими ўринбосари Д.Аллаевга қурилиш якунига етганидан сўнг журналист ва мухбирларни очиқ ва шаффоф усулда бинога жойлаштириш бўйича вилоят ҳокимига таклиф киритиши белгиланган.
Шунингдек, вилоят ҳокими юқоридаги масала бўйича Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи У.Нусуров билан ҳам учрашиб, муаммони ҳал этиш учун ҳаракат қилаётганлигини, вилоятнинг журналист ва ижодкорлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш бўйича бир қатор режалари борлигини ҳам маълум қилган.
Вилоят ҳокими ўринбосари С.Азизовнинг маълум қилишича, бинога ҳозиргача 1 миллиард 300 миллион сўм сарфланган. Аммо,таъмирлаш ишларини якунлаш учун яна қўшимча маблағ зарур. Ушбу маблағ масаласи ҳал этилиши билан таъмирлаш ишлари бошлаб юборилади.