«Қўшработ туманида нега кўмирнинг нархи қиммат» рукни остида эълон қилинган мақола юзасидан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Темирйўлёнилғитаъмин» бошқармаси Самарқанд бирлашган ёнғин омбори хўжалигига қарашли «Қўролос» кўмир омбори бўйича ўрганиш олиб борди.
Самарқанд бирлашган ёнғин омбори хўжалиги бошлиғи Ф.Ҳусаиновнинг маълум қилишича, Қўшработ туманидаги «Қўролос» кўмир омбори ходимлари ўз иш вазифалари нималардан иборат эканлигини билмаган ҳолда ёлғон ахборот берганлиги аниқланган.
– Шуни таъкидлаш жоизки фуқароларга сотиладиган кўмир нархлари омборнинг ташқи ва ички қисмида кўргазмада белгилаб, кўрсатиб қўйилган, – дейди Самарқанд бирлашган ёнғин омбори хўжалиги бошлиғи Ф.Ҳусаинов. – Бу каби камчиликлар келгусида содир этилмаслиги учун омбор ходимлари билан йиғилиш ўтказилиб, уларга тушунчалар бериб ўтилди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан Қўшработ тумани «Қўролос» кўмир омбори тарозибони вазифасида ишлаб келаётган А.Ялғошев ҳамда омбор мудири бўлиб ишлаб келаётган Ғ.Мираковларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилди, дея хабар беради «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Ахборот-таҳлилий медиа маркази.
Маълумот учун: Бугунги кунда импорт кўмир нархи (Қозоғистон) – 1 тонна учун 635.000 сўм, кўмир брикети нархи (Ангрен) – 1 тонна учун 412.500 сўм ва кўмир нархи (Ангрен) – 1 тонна учун 300.300 сўм этиб белгиланган.






