Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан Нукус шаҳридаги 46-сонли ихтисослаштирилган давлат умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистонда биринчи маротаба «Ижодкор ўқитувчилар олимпиадаси»ни жамоавий тарзда ташкил этиш режалаштирилган.
Мазкур олимпиаданинг мақсади фан методистлари ва ўқитувчиларнинг бир-бири билан ҳамкорликда самарали ишлаш жараёнини янада ривожлантириш, соғлом рақобат муҳитини яратиш, илғор фан методисти ва ўқитувчиларини аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш, уларнинг тажрибаларини Республика миқёсида оммалаштиришдан иборат.
Шунингдек, тажрибали фан ўқитувчилари ўз мутахассислигидан ташқари, бошқа фан ўқитувчилари билан ҳамкорлигини кучайтириш, уларни таълим тизимига оид ислоҳотларнинг ва янги қарорларнинг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништириш олимпиаданинг асосий мақсадларидан биридир.
«Ижодкор ўқитувчилар олимпиадаси» қуйидаги босқичлардан иборат:
1-босқич: Барча иштирокчилар мактабнинг компьютер синф хонасида офлайн тест топширади.
2-босқич: Давлат тили (ўзбек ва қорақалпоқ) да диктант ёзилади.
Финал босқичи 3 турдан иборат:
1-тур: иштирокчининг ўз тумани ёки шаҳрининг таълим сифати кўрсаткичлари асосидаги тақдимоти;
2-тур: иштирокчининг ёдда сақлаб қолиш қобилияти синовдан ўтказилади;
3-тур: кейс методи асосида муаммоли вазиятдан чиқиш ҳолати баҳоланади.






