Пенси жамғармаси томонидан олиб борилган ўрганишларда аниқланишича, пойтахтдаги зиёли ва ўқимишли пенсионерлардан кўра, чекка ва олис шаҳар ва қишлоқлардаги айрим пенсионерларимиз уддабуронроқ чиқиб қолди. Бунга мисолларни қуйидаги видео лавҳа орқали ҳам билиб олишингиз мумкин.
Видолавҳада айтилишича, Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида яшовчи фуқаро Ю. Ж. (аёл) умри давомида бор-йўғи 3 ойгина ишлаган меҳнати эвазига давлатимиз томонидан кенг мурувват кўрсатилиб, 2001 йилда ёшга доир (тўлиқсиз) пенсия тайинланган. Лекин, фуқаро Ю. Ж. . “Безбетга қошиқ берсанг, бир ўрнига беш ошар...” қабилида иш тутиб, 2019 йилда турмуш ўртоғининг вафоти муносабати билан, иккинчи марта боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинлашни сўраб мурожаат қилган ва олиб турган 327 112,50 сўм ёшга доир пенсияси устига иккинчи марта 441 222,19 сўм миқдорида боқувчисини йўқотганлик пенсия тайинланган. Фуқаро Ю.Ж. эса, ҳеч нарса кўрмагандай шу йилнинг ўтган даври мобайнида сал кам бир миллион сўм давлат маблағларини икки турдаги пенсия олиш йўли билан ўзлаштирган.
Худди шунингдек, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Н. М. (аёл) 1994 йилда 3 йиллик иш стажи билан амал-тақал қилиб, зўрға ёшга доир пенсияга чиққан эди. Турмуш ўртоғининг вафотидан фойдаланиб, 2019 йилда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинлашни сўраб, иккинчи марта пенсияга мурожаат қилган. Унинг илгари олиб турган 327 112,50 сўм ёшга доир пенсияси устига шу йилдан бошлаб боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳам тайинланган. “Бепул кафан топилса, ўлмоқ керак” деганларидек, шу йилнинг ўтган даврида фуқаро Н. М. томонидан 1,3 млн.сўм Жамғарма маблағлари ўзлаштириб олинган.
Бу фирибгарлик усули водийлик уддабурон пенсионеримизни ҳам четлаб ўтмаган. Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро А. Х.нинг умуман иш стажи йўқлиги сабабли, саховатпеша давлатимиз томонидан унинг турмуш ўртоғини вафоти муносабати билан 2008 йилда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган эди. Орадан ўн йилча вақт ўтиб, А. Х.нинг соғлиги туфайли 2018 йилда ногиронлик гуруҳи белгиланганидан унумли фойдаланган ҳолда, боқувчисини йўқотганлик пенсиясидан воз кечмасдан ва бу турдаги пенсияни олаётганлиги ҳақида мутасадди ташкилотларни хабардор қилмасдан туриб, иккинчи марта ногиронлик нафақаси тайинлашни сўраб мурожаат қилган. Бир йилдан кўпроқ муддат фуқаро А. Х.га бир вақтнинг ўзида икки турдаги пенсия ва нафақа тўланиши натижасида жами 3,9 млн. сўм миқдоридаги ортиқча пенсия тўлаб келинган.





