Пойтахтимиздаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказидаги одам ДНКсини текширувчи лаборотория юртимизда ягона, марказий Осиёда эса нуфузли муассасаса ҳисобланади.
Аввалари ДНК экспертизаси суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг қарори, суднинг ажрими асосида ўтказилар эди. Эндиликда фуқароларнинг ўзи ҳам мурожаат қилиши мумкин бўлди.
Маълум қилинишича, ДНК текширувини ўтказиш учун учта — ота, она ва боладан намуна тақдим қилинади. Ушбу текширувларда асосан оталик фактини аниқлаб бериш учун сўровлар кўп бўлади. Бунда текширув объектлари сифатида қон ва сўлакдан фойдаланилади. Натижа эса 30 кун ичида тақдим қилинади.
Ушбу текширув жараёнларида ишлатилаётган услубиёт ва жиҳозлар жаҳоннинг етакчи компаниялар томонидан тақдим этилади. Шунга кўра ДНК текширувлари хулосаси ҳам энг юқори тўғри натижани кўрсатади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ДНК текширувини ўтказиш нархи 2 миллион сўмдан ортиқроқни ташкил этади.
Маълумот учун: ҳозирги кунда ДНК маълумотлар базасининг қонуниний асоси 44 давлатда қабул қилинган. Қонунларнинг барчасида фуқаронинг маълумотлар махфийлиги, соғлиқ ва эркинлик ҳуқуқи, энг асосийси маълумотлар хавфсизлигини таъминлашга катта эътибор қаратилган.
Шуни ҳам айтиш жоизки, Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида Марказий Осиёда биринчи бўлиб одам ДНКси суд-биологик экспертизасини ўтказишни бошлаган.






