БМТ бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги 47/3-сонли резолюциясига мувофиқ ҳар йили 3 декабрь Халқаро ногиронлар куни сифатида дунё бўйлаб нишонланади.
Унинг мақсади - жамият ҳаётининг барча соҳаларида ногиронлар ҳуқуқларини рағбатлантириш, шунингдек, ногиронлар муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилишдан иборат.
Мамлакатимизда яратилган кучли ижтимоий ҳимоя пойдевори асосида ҳукуматимиз томонидан аҳолининг эҳтиёжман қатламларини, хусусан, имконияти чекланган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш юзасидан чоралар амалга оширилмоқда.
Ушбу жараёнларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ҳам хайрия тадбирлари амалга оширилди. Бу ҳақда жамиятнинг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жамият ходимлари Нукус шаҳридаги Сомонбой, Онасой, Амударё, Жийдали Бойсун МФЙларида истиқомат қилаётган 11 нафар имконияти чекланган инсонлар хонадонига ташриф буюриб, ҳолидан хабар олишди. Уларга кундалик ҳаётда керакли маиший техника воситалари берилди.