Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани Қатортол МФЙда бир нечта аҳоли хонадонларини сув босди. Бу ҳақда ФВВ маълум қилди.
Аниқланишича, ушбу маҳалла ҳудудида оқиб ўтувчи ариқнинг сув миқдори кўпайгани ва кўприкка турли чиқиндилар йиғилиш оқибатида аҳоли хонадонларига сув тошиб жиддий зиён етказаётган.
Ушбу ҳолат юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отряди, туман ҳокимлиги мутасаддилари, Ободонлаштириш бошқармаси, Тоза ҳудуд ДУК, Маҳалла, Ирригация тизими ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига етиб бориб, махсус техникалар ёрдамида кўприкнинг сув ўтказиш жиҳати қайта тикланди. Шунингдек, мазкур ҳудуддаги Улуғбек ва Навоий кўчаларидаги айрим аҳоли хонадонларининг томорқаларига кирган тошқин қутқарув отряди қутқарувчилари томонидан мотопомпа ёрдамида чиқариб ташланди.

Қайд этиш жоиз, қутқарувчиларнинг амалга оширган тезкор чоралари натижасида маҳалла аҳолиси ва уларнинг муликига зиён етиши хавфи ўз вақтида бартараф этилди.






