2019 йилнинг 4 декабрь куни Тошкент давлат шарқшунослик институтида японшунослик факультетининг расмий очилиш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Жаҳон миқёсида етакчи ўринни эгаллаб турган кунчиқар ўлка – Япония билан Ўзбекистон ўртасидаги муҳим сиёсий-иқтисодий жараёнлар кечаётган даврда японшунослик соҳасида мутахассис кадрлар тайёрлаш ва етиштириш каби долзарб вазифани амалга оширишда ТошДШИда махсус японшунослик факультетининг очилиши алоҳида аҳамият касб этади.
Бугунги кунда япон тилини ўрганиш бўйича дунёдаги энг фаол давлатлардан бири саналмиш Ўзбекистонда японшунослик соҳасини ривожлантириш бўйича Тошкент давлат шарқшунослик институти етакчи ўринни эгаллайди.
1992 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институтида ташкил этилган Япон филологияси кафедраси нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Ўрта Осиёда япон тилини ўқитиш бўйича очилган биринчи ўқув маскани саналади.
Охириги йилларда ТошДШИда японшунослик соҳасида қилинган илмий-тадқиқот ишлари натижалари янги факультет шаклланишига асос бўлди ва шу муносабат билан, ТошДШИнинг Хорижий Шарқ мамлакатлари адабиёти кафедраси филология фанлари доктори, профессор Р.Ходжаеванинг ТошДШИ таянч докторанти Г.Қосимова билан ҳаммуаллифликдаги «Япон адабиётида замонавий йўналишлар ва оқимлар» номли ўқув қўлланмаси нашр қилинди ҳамда ТошДШИда нашр қилинадиган «Шарқ машъали» илмий журналининг навбатдаги сони махсус японшуносликка бағишланди. Унда япон тилшунослиги, адабиётшунослиги, тарихшунослиги, таржимашунослиги, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар, Япониянинг ташқи сиёсати ва халқаро муносабатлари, шунингдек, Япония иқтисодиётига оид 20 дан зиёд илмий мақолалар жамланган. Жуда кўп соҳалар қатори таълим йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги бундай саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.






