2019 йил 6 август куни соат 13.00ларда Бўка тумани ҳудудида жойлашган 19-ўрта мактаб директори ўқув йили мавсумига тайёргалик кўриш бўйича барча мактаб ўқитувчилари билан йиғилиш ўтказаётганида 47 ёшли ўқитувчи мактаб директорининг талабларига эътироз билдиради. Йиғилиш қатнашчиларнинг олдида уни “сен директорликка нолойиқсан, порахўрсан”, деб директорни шарманда қилувчи уйдирмалар тарқатгани аниқланган.
“ҚИЛГАН ИШИМДАН ПУШАЙМОН ЭМАСМАН”
Ҳуқуқбузар суддаги айбига иқрор бўлмаган...
— Ҳақиқатдан ҳам 2019 йил 6 августда мактаб директори барча ўқитувчилар билан йиғилиш ўтказди. Ўз ҳисобимиздан мактабнинг ташқи атрофини таъмирлаш ишларини олиб борилишини айтганида, директордан мактаб таъмири учун тўланган пулларни ва мукофат пулларни ҳисоботини сўрадим. Директор менга ҳисобот бермаслигини айтди ва ўзаро тортишиб қолдик. Директорни йиғилиш иштирокчилари олдида “сен директорликка нолойиқсан, порахўрсан”, дедим. Қилган ишимдан пушаймон эмасман.
“1.115.000 СЎМ МИҚДОРДА ЖАРИМА ЖАЗОСИ ТАЙИНЛАНДИ”
Мирусмон ГИЯСОВ, Бўка туман маъмурий суди судьяси:
— Суд иш ҳужжатларини текшириб, ўқитувчининг ҳуқуқбузарликни содир этганликдаги айби тушунтириш хатлари, иш бўйича тузилган билдирги, баённома, тилхатлар ва ишдаги бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган деб ҳисоблайди.
Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекининг 40-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди. Унга МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари, яъни 1.115.000 сўм миқдорда жарима жазоси тайинланди. Жарима давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист






