АсосийJamiyat

Ўзбекистоннинг энг кучли олимлари тақдирланди

'Ўзбекистоннинг энг кучли олимлари тақдирланди'ning rasmi

Ўзбекистон Pеспубликаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Нидерландиянинг илм-фанга ихтисослашган Elsevier компанияси билан ҳамкорликда дунёнинг энг йирик илмий-таҳлилий маълумотлар базаси Scopus статистикаси бўйича самарали фаолияти юритаётган ўзбекистонлик етакчи олимлар номини эълон қилди. 

“Scopus Award-2019” – Тақдирлаш маросими шу йилнинг 6 декабрь куни Ўзбекистон электрон омавий ахборот воситалари Миллий ассоциациясига қарашли Медиа-Холлда ўтказилди.

Унда мамлакатимизнинг тегишли идора ва муассасалари вакиллари, QS, Times Higher Education сингари дунёнинг йирик рейтинг агентликлари ходимлари, юртимизнинг олий ўқув юртлари раҳбарлари, етакчи олим ва мутахассислари, тадқиқотчи ва талабалар иштирок этди. 

Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов мамлакатимизда кейинги йилларда илм-фан соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Айни пайтда ўзбекистонлик ёш олимлар нафақат мамлакат миқёсида, балки халқаро миқёсда ҳам сезиларли ютуқларни қўлга киритаётганини қайд этди. 

Маълумотларга кўра, ўзбекистонлик олимлдар томонида 2017 йилда Scopus техник стандартларига жавоб берадиган халқаро илмий нашрларда 589 та илмий мақола чоп этилган бўлса, бу рақам 2018 йилда 640, 2019 йилнинг шу даврига қадар 975 тани ташкил қилган. 

Маросимда йил давомида фаол илмий тадқиқот ишларини олиб борган бир қатор олим ва изланувчилар тегишли номинацилар бўйича ғолиблар номи эълон қилинди. 

Жумладан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика-техника институти бош илмий ходими Фатҳулла Абдуллаев – “йил олими”, Илғор технологиялар маркази лаборатория мудири Дилбар Долимова – “йил олимаси”, Астрономия институти катта илмий ходими Бобур Тошматов – “йилнинг энг ёш тадқиқотчиси” сингари йўналишларда ғолиб деб топилди. 

Шунингдек, гуманитар, табиий, ижтимоий, тиббий ва қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича йил тадқиқотчиларига ҳам  мукофотлар топширилди. 

Маълумки, Scopus Award – Elsevier компаниясининг кенг миқёсдаги ташаббуси бўлиб, жаҳоннинг нуфузли илмий мукофоти ҳисобланади. Мукофот олимларнинг сермаҳсул фаолиятини рағбатлантириш, зиёлиларнинг мавеини кўтариш ҳамда ёшлар ўртасида илмий фаолият билан профессионал шуғулланишни оммалаштиришга йўналтирилган. 

Куннинг иккинчи ярмида Тошкент Давлат юридик университетида “Илм-фан – 2020”  миллий ривожланиш дастури доирасида “Research transformation: Global Outlook” халқаро илмий форуми ҳам ўтказилди. Форумда юртимиздаги етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари, тадқиқотчилар, кутубхоналар директорлари иштирокида давра суҳбатлари, мастер-класс машғулотлари ўтказилди. 

 

    Бошқа янгиликлар