1

МСК Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш тўғрисида битимларни имзолад

ЖАМИЯТ 28.01.2015, 09:38
МСК Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш тўғрисида битимларни имзолад

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш тўғрисида битимлар имзолади, дея хабар қилади ЎзА.
Сайловларнинг очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик каби демократик тамойилларга мувофиқ ўтказилишида оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Оммавий ахборот воситалари “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддаси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ сайлов жараёнини кенг ёритади.
Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов ўтган йиллардаги сайлов кампаниялари, айниқса, 2014 йилги парламент сайлови мобайнида Марказий сайлов комиссияси ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари ҳақида жамоатчиликни кенг хабардор қилиш бўйича катта тажриба тўпланганини таъкидлади.
Битимлар сайлов тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатлари – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли моддалари, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунлар ва сайлов жараёнини тартибга соладиган бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини самарали ташкил этишга қаратилган.
Имзоланган битимларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар учун сайловолди ташвиқотини олиб бориш мақсадида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш борасида кенг ва тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор берилади. Сайловолди дастурларининг мазмуни ва мамлакатни ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим масалалари бўйича ўз нуқтаи назарини сайловчилар ва жамоатчилик эътиборига етказиш учун тенг ҳажмда эфир вақти ва нашр майдони ажратилади.
Томонлар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнига оид ахборотларни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси теле ва радиоканаллари, мамлакатимизнинг етакчи ахборот агентликлари ва босма оммавий ахборот воситаларида ўз вақтида тарқатиш борасида ҳамкорлик қилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1