Шу кунларда тез тиббий ёрдам ишини комплекс такомиллаштириш доирасида колл-марказларининг диспетчерларини ўқитиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Марказнинг 80 нафар ходимини ўқитиш учун компьютер саводхонлигини ошириш, психологик машқлар ва бошқа йўналишларда тренинглар ташкил қилинди.
Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш мақсадида 11,9 миллион долларлик лойиҳа доирасида Ford русумли 150 та реанимобил мамлакатга етказилди. Шундан 69 таси Тошкентга ажратилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан барча бригадалар махсус дастурли планшетлар билан таъминланади.
Бугунги кунда иккита махсус реанимобил видеокамералар билан жиҳозланган бўлиб, улар фавқулодда ҳолатларда тез тиббий ёрдам станцияси катта шифокори билан боғланиш имконини беради.