Тошкент шаҳрида фаолият олиб борувчи етакчи ОАВларнинг бир гуруҳ журналистлари иштирокида Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига зўравонликка учраган аёлларни мослаштириш бўйича пилот дастур натижаларини кўришга таклиф этилди.
Ушбу лойиҳа Франциянинг АКТЕД гуманитар ташкилоти ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг мақсади зўравонликдан зарар кўрганларни иш билан банд қилиш орқали ҳаётга мослаштиришга кўмаклашади.

Ўзбекистонда яқин йилларгача зўравонлик тўғрисида расмий маълумотлар ошкор қилинмаган. Шундай бўлса-да тадқиқотлар кўрсатдики, оилаларда психологик ва жисмоний зўравонликлар доим бўлган. Айни пайтда очиқлик сиёсати олиб борилаётгани сабабли айниқса чекка ҳудудларда иқтисодий ҳуқуқларнинг чекланиши боис зўравонликнинг турли шакллари кенг тарқалгани маълум бўлмоқда.

Кузатувларга кўра ҳудудларимизда асосан аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик хатти-ҳаракатлари кўп учрайди. Заиф қатламнинг иқтисодий имкониятлардан фойдалана олмаслиги, баъзан даромад топиш бўйича билим ва кўникмага эга эмаслиги уларни зўравонлар олдида ҳимоясиз қилиб қўймоқда.
Маълум бўлишича Ўзбекистонда хотин-қизларнинг расмий бандликдаги улуши бор-йўғи 45,7% ни ташкил этади ва фақат 29% хотин-қизлар расмий рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектларини бошқаради. Кўпчилик аёллар анча паст иш ҳақи бериладиган норасмий секторларда ишлайди. Хотин-қизларнинг иқтисодий тобелиги уларнинг зўравонликка учраши эҳтимолини янада оширади ва шу сабабли кўп ҳолларда аёллар зўравонликка чидашга мажбур бўлишади.

Фарзона Хошимова, АКТЕД нинг Ўзбекистондаги филиалининг Гендер тенглик масалалари бўйича Миллий координатори:
–Булар мисли кўрилмаган қийинчиликларни ўз бошидан кечирган ва шунга қарамасдан ҳаётини давом эттиришга ўзида куч топа олган аёллардир. АКТЕД нинг Ўзбекистондаги бўлинмаси ўз ҳамкорлари – Бухоро вилоятидаги «Ойдин нур» Оилаларни Ижтимоий ҳимоялаш Маркази ва Самарқанд вилоятидаги «Раҳмдиллик» Жамияти билан ҳамкорликдазўравонликни бошидан кечирган ва хатар гуруҳидаги хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини кенгайтириш учун реинтеграция дастуринисинов тариқасида амалга оширди. Дастур психологик ва юридик консультация бериш, тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек, оғир вазиятларда турган аёллар учун тренинглар ўтказиш, техник ва касбий таълим (ТКТ), ўз шахсий фаолиятини бошлашлари учун бизнес-лойиҳа тайёрлашни ўргатиш, тадбиркорликни бошлаш учун қайтарилмас кредит бериш ва хавфсиз турар-жой тақдим этишни ўз ичига олади.

Лойиҳани ҳаётга жорий қилиш жараёнида шу нарса маълум бўлдики, ўз-ўзини, фарзандларини мустақил таъминлай олган, ҳуқуқини билган аёл зўравонликдан ҳам ҳимоялана олади.
Маълумот учун: АКТЕД гуманитар ёрдам ташкилотига 1993 йилда Франция, Париждаги штаб-квартираси томонидан асос солинган. Бу дунёнинг 38 та мамлакатида ваколатхоналари бўлган халқаро ноҳукумат ташкилот. АКТЕДнинг мақсади инсонларнинг барқарор ўсиши ва имкониятларини рўёбга чиқаришлари учун имкониятлар яратиш, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш ва инсонлар нуфузини ҳимоя қилишда шошилинч гуманитар ёрдам кўрсатишга қаратилган. АКТЕД Ўзбекистонда 1999 йилдан бери фаолият олиб бормоқда.
Мақола ва фотосуратлар муаллифи Манзура БЕКЖОНОВА, Тошкент-Бухоро
(Расмлардаги аёллар зўравонликка учраганлар эмас)






