АсосийSiyosat

Жаҳонгир Артикходжаев Нагоя шаҳри мэри Такаши Кавамура билан учрашди

'Жаҳонгир Артикходжаев Нагоя шаҳри мэри Такаши Кавамура билан учрашди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Японияга ташрифи доирасида Тошкент шаҳрининг ҳокими Жаҳонгир Артикходжаев Нагоя шаҳрида шаҳар мэри Такаши Кавамура билан учрашди.

Учрашувда жаноб Такаши Кавамура Ўзбекистондаги самимий ва дўстона қабул учун миннатдорлик билдирди ва Тошкент билан турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни олиб боришдан мамнунлигини айтиб ўтди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур ташриф давомида икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Хусусан, Тошкент ва Нагоя ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид шартнома имзоланиши режалаштирилган.

Шунингдек, икки шаҳар ўртасидаги муносабатларнинг кейинги босқичида шаҳар қурилиши, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт, туризм, илмий-техника ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги кенг кўламли лойиҳаларни биргаликда амалга оширилиши ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек Жаҳонгир Артикходжаев Нагоя шаҳар Ассамблеяси раиси Хироши Ниуа билан учрашди. 

Ўзаро мулоқот давомида икки томон ҳам шаҳар депутатлари Кенгашининг фаолиятига тўхталиб ўтди.

Учрашув давомида Хироши Ниуа Нагоя шаҳар Ассамблеяси таркибида Ўзбекистон билан дўстлик лигаси ташкил этилганлигини мамнуният билан қайд этди ва унга Ассамлеянинг 68 нафар вакилидан 35 нафари аъзо бўлиб кирганлигини маълум қилди.

Томонлар Тошкент шаҳар депутатлар Кенгаши ва Нагоя шаҳар Ассамблеяси ўртасида дўстлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш бўйича келишувга эришдилар.

Жаҳонгир Артикходжаев Ассамблея раисини аъзолари билан бирга Тошкент шаҳрига таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазири Синдзо Абэнинг таклифига биноан 17 декабрь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди.

    Бошқа янгиликлар