АсосийJamiyat

Қонун имзоланди. Болаларни боғчага 3 ёшдан қабул қилиш ўзгаришсиз қолди

'Қонун имзоланди. Болаларни боғчага 3 ёшдан қабул қилиш ўзгаришсиз қолди'ning rasmi

“Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан, мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, мактабгача таълим ва тарбия олишга доир давлат кафолатлари аниқ белгилаб берилди.

Хусусан, давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотига ўқишга киришидан бир йил олдин давлат мактабгача таълим ташкилотларида умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлайди.

Қонунга мувофиқ, мактабгача таълим ташкилоти давлат ва нодавлат ташкилоти бўлиши мумкин.

Мактабгача таълим ташкилотлари қуйидаги турларда ташкил этилади:

* умумий турдаги мактабгача таълим ташкилоти;

*кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти;

* инклюзив гуруҳларга эга мактабгача таълим ташкилоти;

* қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилоти

шунингдек, Қонунга мувофиқ, мактабгача таълим ташкилотларида ўқув йили 2 сентябрдан 31 майгача, ёзги соғломлаштириш даври 1 июндан 31 августгача бўлган даврни ўз ичига олади.

Мактабгача таълим ташкилотларидаги гуруҳлар уларда болаларнинг бўлиши давомийлигига қараб:

* болалар қисқа вақт бўладиган гуруҳлар (кунига 3–4 соат);

* тўлиқ кунли гуруҳлар (кунига 9, 10,5 ва 12 соат);

* болалар кечаю кундуз бўладиган гуруҳлар бўлиши мумкин.

 Мактабгача таълим ташкилотларининг:

* болалар 3–4 соат бўладиган гуруҳларида – кундузги уйқу ташкил этилмайди ва бир марталик овқатлантириш ташкил этилиши мумкин;

* болалар 9–10,5 соат бўладиган гуруҳларида – уч марталик овқатлантириш ташкил этилиши ва кундузги уйқу учун шароитлар яратилган бўлиши керак;

* болалар 12 соат бўладиган гуруҳларида – тўрт марталик овқатлантириш ташкил этилиши ва кундузги уйқу учун шароитлар яратилган бўлиши керак;

* болалар кечаю кундуз бўладиган гуруҳларида – кундузги ва тунги уйқу ҳамда беш марталик овқатлантириш ташкил этилиши учун шароитлар яратилган бўлиши керак.

 Умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида гуруҳлар тегишли равишда қуйидаги миқдорда тўлдирилади:

* уч ёшдан етти ёшгача бўлган болалар гуруҳларида – кўпи билан ўттиз нафар бола;

* болалар қисқа вақт бўладиган гуруҳларда – кўпи билан ўттиз нафар бола;

* турли ёшдагилар гуруҳларида – кўпи билан йигирма беш нафар бола;

* болалар кечаю кундуз бўладиган гуруҳларда – кўпи билан ўн нафар бола.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар