Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Токио шаҳрида Япония ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказди.
Унда JETRO, JICA, JABIC, NEDO, JOGMEC, Mitsubishi, Itochu, Sumitomo, Marubeni, Isuzu каби корпорация ва компаниялар, молиявий тузилмалар раҳбарлари иштирок этди.
Учрашув аввалида 16 декабрь куни Токиода бўлиб ўтган Япония-Ўзбекистон бизнес форуми натижалари ҳақида ахборот берилди.
Президентимиз Япония компаниялари ва молиявий тузилмаларини Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этишга таклиф этди.
– Япония – бизнинг стратегик шеригимиз. Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқлари ва инфратузилмани модернизация қилиш бўйича ҳамкорликда кўп ишлар қилинди. Биз бу алоқалар тарихида янги саҳифа очиш ниятида келдик. Савдо, энергетика, геология, кимё, транспорт, туризм, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш тармоқларида имкониятлар, янги лойиҳалар кўп, – деди Шавкат Мирзиёев.






