Божхона органлари томонидан пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши қаттиқ кураш олиб борилмоқда. Шу пайтгача пиротехника воситаларини пуллаб бойимоқчи бўлган, уларни яширин йўллар орқали республикамиз ҳудудига олиб киришга уринган кимсаларнинг қанчаси қўлга тушди, қанчаси ноқонуний савдога тиккан маблағидан ажралди. Аммо фуқаролар саломатлигини хавф остига қўйиб, мўмай даромад орттиришни ният қилган "тадбиркорлар"ни тўхтатиб бўлмаяпти.
Хусусан, Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида яна битта шундай ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди.
Тадбир давомида фуқаро У.Ж бошқарувида бўлган “Matiz” русумли автотранспорт воситаси тўтатилиб кўздан кечирилганда, автомашина салонида фуқаро И.Ф.га тегишли ҳеч қандай хужжатлари бўлмаган 27 000 дона “Корсар 1 К0201” ёзувли пиротехника воситаларини яширинча сотиш мақсадида олиб кираётгани маълум бўлди ва холислар иштирокида қўлга олинди. Бу ҳақда Андижон вилояти божхона бошқармаси ходими Ф.Каримов Даракчи.уз га хабар берди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.