Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги ташаббуси билан Қорақалпоқ ёш томошабинлар театрида “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!” шиори остида юксак савияда бўлиб ўтган концерт дастури орқали “Ватанпарварлик” ойлигига старт берилди, дея хабар берди округ матбуот хизмати.
Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университети, Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институти ёшлари, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этган байрамона концерт давомида Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси ҳамда Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлинмаси ижодкорлари томонидан ажойиб куй ва қўшиқлар ҳавола этилди.

Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига асосан, шу йилнинг 15 декабрдан 2020 йилнинг 15 январь кунига қадар мамлакатимизда “Ватанпарварлик” ойлиги ўтказилади. Шу муносабат билан жойларда қатор маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида қизғин тайёргарлик ишлари кетмоқда.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон давлат мадҳияси билан бошланган концертнинг очилишида ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги вакиллари қорақалпоқ ёшларини “Ватанпарварлик” ойлигида фаол иштирок этишга чорлади. Қорақалпоқ ёшлари номидан сўзга чиққан университет талабаси Адамбай Авазбеков ҳарбийларни байрам билан қутлар экан, юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек шарафли ва масъулиятли касб эгалари бўлмиш тинчлик посбонларига мардонавор хизматлари учун чексиз миннатдорчилигини билдирди.
Концерт томошабинларни ҳайратлантирмасдан қолмади. Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг Ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган жанговар қўшиқларидан руҳланган ёшлар давлат байроқларини силкитганча, ҳар бир ижрони кўтаринки кайфиятда олқишлаб туришди. Ҳарбийларнинг гоҳ алоқачи, гоҳ танкчи, сапёр ва шу каби бошқа мутахассисликлар ҳақида тақдим этган маълумотлари эса ёшларнинг армия ҳаётига бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилди.









