Бугунги кунда прокуратура органлари томонидан ўтказилаётган қабулларда фуқароларнинг бир неча йиллардан буён ўзининг ечимини топмаётган муаммо ва таклифларини жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, кеча, 19 декабр куни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев томонидан Самарқанд вилоятида сайёр қабул ўтказилиб, унда жами 44 нафар жисмоний ва юридик шахслар вакиллари қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари олинди.

Бош прокуратура Матбуот хизматининг маълум қилишича, қайд этилган мурожаатларнинг 11 таси суд масалалари, 8 таси прокуратура, 6 таси ички ишлар иш юритувига ҳамда 19 таси ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид мурожаатларни ташкил этди.
Мурожаатларнинг 12 таси жойида қаноатлантирилди.

Шунингдек, Ниғматилла Йўлдошев Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, шаҳардаги ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ишлар аҳволи, аҳолининг турмуш тарзи билан танишиб чиқди.

Жумладан, шаҳарнинг “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган фуқаро Р.Мамаев ва иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Д.Борункин хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг турмуш тарзи ва оилавий аҳволидан хабар олинди.
Шунингдек, ташриф чоғида Самарқанд шаҳар 61-сонли эшитишда нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчилари билан учрашиб, уларнинг шароитлари билан яқиндан танишди.



Бош прокурорнинг ташрифи доирасида Пастдарғом туманидаги “Мирзатуп” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 1,05 км. масофадаги тупроқ йўлга шағал ётқизилди, кўча бўйлаб 12 та электр симёғочлари ўрнатилиб, кабеллаштирилиши таъминланди.
Энг муҳими, фуқаролар томонидан қабулда топширилган мурожаатлар назоратга олиниб, қонуний ҳал этилиши таъминланади.






