Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сонли Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепциясини” доирасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида мамлакатимизда бир қатор хорижий олий таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда маҳаллий ОТМларини ривожлантиришга қаратилган қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Мазкур фармон ижроси ҳамда мамлакатимизда юқори малакали олий маълумотли кадрлар тайёрлаш мақсадида хорижий ОТМ филиаллари фаолиятини бошлади. Шулардан бири Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти ҳисобланади.

Жорий йилнинг 19-20 декабр кунлари Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди. Тадбирда Институтда бугунги кунда мавжуд таълим йўналишлари, унинг фаолияти, мавжуд моддий-техник база, Ахборот-ресурс маркази фонди, профессор-ўқитувчилар таркиби, ўқитилаётган фанлар ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари, талабалар ошхонаси, институтга қабул жараёни ҳамда кириш имтиҳонлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, иштирокчиларга ривожланган давлатлар ОТМларида мавжуд бўлган ҳамда бугунги кунда мазкур Институтда ҳам жорий этилган “кредит тизими” ҳақида ҳам тўлиқ ахборот берилди.

Мазкур тадбирнинг муҳим аҳамиятли жиҳати Институтнинг халқаро ҳамкорлари бўлган Корея Республикасининг бир қатор нуфузли олий таълим муассасалари, жумладан, HANYANG UNIVERSITY (ERICA), CHOSUN UNIVERSITY, JEONJU UNIVERSITY, CHUNGCHEONG UNIVERSITY вакиллари фаол иштирок этди. Мазкур ОТМлари икки томонлама имзоланган Меморандумга асосан “2+2” ва “3+1” қўшма дастурлари асосида институтда таҳсил олаётган талабаларни Корея Республикасида ўқишларини давом эттириш имкониятини тақдим этади. Бу дастурларнинг биринчи босқичи бўлиб, истиқболда юқори малакали профессор-ўқитувчиларни Институтда фаолият олиб боришлари ҳам келишиб олинган.

Тадбирда иштирок этган олий таълим муассасаларининг вакиллари ташриф буюрган талабалар ва абитуриентларга Корея Республикаси университетлари ҳақида батафсил маълумот бердилар. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти талабаси бўлиб ҳам мазкур олий таълим институтларида ўқишни давом эттириш имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди. Тадбир якунида Корея Республикаси олий таълим муассасаларнинг раҳбарлари расмий меҳмонлари учун китобига ўз фикрлари ва истакларини баён этиб имзо қўйдилар.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган 2019 йил 17 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти фаолиятини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1007-сонли Қарори қабул қилинди.






