Бугун бир қатор ҳорижий оммавий ахборот воситаларида Косон туманидаги “Депутатликка номзодлардан мажбуран ариза ёздириб олинди” номли хабарлар тарқалди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар вилоят сайлов комиссияси раҳбари томонидан тезкор ўрганилди, дея маълум қилмоқда вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати.
Ҳолатни жойида ўрганиш учун вилоят сайлов комиссияси раиси М.Икромов “Айрончи” МФЙ раиси - ЎзЛиДеПдан кўрсатилган номзод Ғайрат Боймирзаев билан суҳбатлашди ва қуйидагиларни аниқлади.
Ғ.Боймирзаев Халқ депутатлари Косон туман Кенгаши депутатлигига номзод сифатида кўрсатилган бўлиб, ҳозирда ҳам унинг номзоди сайлов бюллетенидан олиб ташланмаган ва у қонуний равишда сайловларда депутатликка номзод сифатида иштирок этади.
Аудиоёзувдаги мансабдор шахсларнинг сайлов жараёнларига ноқонуний аралашуви ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, ОАВларга ёлғон ахборот берилган-берилмаганлиги ҳолатига баҳо берилиши учун ўрганишда тўпланган ҳужжатлар Косон тумани прокуратурасига тақдим этилди.
Маълумот ўрнида шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига кўра, номзодларни сиёсий партиялар тавсия этади ва номзодликдан маҳрум қилиш номзоднинг ёки сиёсий партиянинг ваколатига киради. Ҳокимият ва бошқа давлат органлари бу жараёнга аралашишга ҳаққи йўқ ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.







