Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича айрим сайлов округларида такрорий овоз беришни ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарори эълон қилинди.
Унга кўра, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 2019 йил 22 декабрда ўтказилган сайловлар бўйича округ сайлов комиссияларининг сайлов натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомаларига асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 59, 96-моддаларига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси
Қ А Р О Р Қ И Л Д И:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи 22 та округ сайлов комиссияси томонидан биронта номзод овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини ололмагани сабабли мазкур сайлов округларида такрорий овоз беришни ўтказиш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинган;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 67-Пастдарғом, 102-Яйпан, 106-Бағдод округ сайлов комиссияси томонидан арифметик хатога йўл қўйилгани сабабли мазкур сайлов округларидан депутатлар сайлангани тўғрисида барвақт хулосага келинган;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 67-Пастдарғом, 102-Яйпан, 106-Бағдод сайлов округи бўйича биронта номзод овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини ололмагани сабабли мазкур сайлов округларида энг кўп овоз олган икки нафар номзод ўртасида такрорий овоз бериш ўтказилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 та сайлов округида (1-илова) такрорий овоз бериш 2020 йил 5 январь – якшанба куни ўтказилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайловлар бўйича такрорий овоз беришни 2020 йил 5 январь – якшанба куни ўтказиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича айрим сайлов округларида такрорий овоз беришга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгиланишича:
*Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 59-моддасига мувофиқ такрорий овоз бериш сайлов округи бўйича энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича ушбу округда ўтказилади;
*такрорий овоз бериш асосий сайловни ўтказиш учун тузилган ўша сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг ўша рўйхатлари бўйича ўтказилади.
Шунингдек, такрорий овоз беришни Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказишни таъминлаш, бунда сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун сиёсий партиялар билан келишган ҳолда бепул 30 дақиқалик тенг эфир вақтини ажратиш белгиланди.






