Шўх-шодон мусиқалар, жозибадор куйлар ҳамда кўнгилочар дастурлар билан Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисига Янги йил тароватини ҳадя этишни бошлади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизматининг хабар беришича, ана шундай томошалардан бири Нукус шаҳридаги “Korzinka.uz” кўнгилочар-савдо мажмуаси олдидаги Янги йил арчаси ўрнатилган майдонда ўзининг бу йилги илк байрамона концерт дастурини намойиш этди.


Ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган классик ва миллий куйлар байрамона кайфият билан юрган юртдошларимизни бефарқ қолдирмади. Олқишлар билан қарши олинган ҳар бир санъат намунаси йиғилганларга олам-олам шодлик улашди. Қизиқарлиси, ҳарбий окрест жамоаси ташаббуси билан бу йилги байрамда ҳарбий ижодкорлар Янги йил байрамининг бош қаҳрамони – Қорбобо кийимларида маҳоратларини кўрсатишмоқда.


Лейтенант Ақлбек Қоразбеков бошчилигидаги ҳарбий оркестр жамоаси Янги йил байрами арафасида халқимизнинг кайфиятини кўтаришда давом этади.






