1

2020-2021 – ўқув йилидан ОТМларга киришда нега 5 та фандан имтиҳон олинишига изоҳ берилди

ЖАМИЯТ 26.12.2019, 16:53
2020-2021 – ўқув йилидан ОТМларга киришда нега 5 та фандан имтиҳон олинишига изоҳ берилди

"Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 14 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида тест синови топшириладиган фанлар мажмуасини икки бўлимга ажратиб, биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий учта фан – она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилиши назарда тутилган. Шу боис 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб айни лойиҳа амалиётга татбиқ этилади, - дейилади Уза расмий саҳифасида, - мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари учун 2,1 баллдан (жами 94,5), таълим йўналишига мос фанлар бўлимидаги тест топшириқлари учун 3,1 баллдан (жами 186) берилиши назарда тутилмоқда. Бунда абитуриент тўплаши мумкин бўлган умумий балл 280,5 ни ташкил қилади.

Давлат тест марказидан олинган маълумотларга кўра, тест тизимига бундай ўзгартиш киритилишида хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилган. Имкон қадар миллий таълим тизимимизга мос бўлган ва таълимнинг ривожланишига ҳисса қўша оладиган жиҳатларни олишга эътибор қаратилган. Ўтган 2017-2019 ўқув йилида ДТМ ходимлари Япония, Жанубий Корея, Туркия, Россия, Қозоғистон каби бир қанча давлатларда бўлиб, уларнинг олий ўқув юртларига қабул қилиш тизимини ўрганиб чиқди, таҳлил қилди.

Айрим хорижий давлатлар тажрибасида кириш имтиҳонларига она тили ва математика киритилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Ёки Туркия каби бошқа қатор давлатларда давлат тарихидан имтиҳон топшириш белгилаб қўйилган.

Охирги йилларда абитуриентлар орасида мақсадли кириш имтиҳонларига тайёрланганда, афсуски, фақат иккита, ҳатто фақат биринчи блокдаги фанни яхши ўзлаштириб, талаба бўлиш мумкин, деган қараш юзага келди. Аммо бу янгиликнинг жорий этилиши қандай самара беришини тест ўтгач, унинг натижалари асосида белгилаш мумкин.

Асосий мақсад, ёшларнинг умумтаълим мактабларида ўқитиладиган фанларни тенг равишда ўрганиб боришига эришишдир. Ўғил-қизлар умумтаълим мактабида белгиланган дастурни тўла ўрганиб, ҳар томонлама ривожланган бўлиб мактабни битириши зарур. Мана шу ҳисобга олинган ҳолда битирувчиларнинг ОТМларга кириш имтиҳонларига мажбурий фанлар бўлими қўшилган.

Қўшимча учта фандан тест ўқув дастурларига биноан, анча содда, абитуриентнинг умумий саводхонлиги, мантиқий фикрлаши ва таянч билимларини баҳолашга йўналтирилган, биринчи қийинлик даражасида бўлади.

Маълумотларга кўра, блокларда битта фан такрорланса ҳам уларнинг қийинлик даражаси бир-биридан фарқ қилади. Мажбурий блокдаги математика фани саволлари биринчи қийинлик даражасида бўлса, йўналиш фанлар блокидаги тестлар эса иккинчи ва учинчи мураккаблик даражасидаги саволлардан иборат бўлади.

Келгуси 2020/2021 йилдан бошлаб амалиётга киритиладиган бу ўзгаришга Давлат тест маркази тайёргарлик кўрмоқда. Айни шу йўналишда ишлайдиган тестологлар сони кўпайтирилган, топшириқлар синовдан ўтказилаяпти."

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1