Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги марказий ўйингоҳда “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ҳарбий парад ўтказилди, дея хабар берди Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.
Марказий ҳарбий округдаги ҳарбий тузилмалар билан ҳамкорликда «Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!» шиори остида ўтказилган тадбир 2000 га яқин жиззахлик ёшларни қамраб олди.

Жанговар техникалар парадидан сўнг, ҳарбийларнинг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари ва Жиззах гарнизони маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри томонидан ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

Ички ишлар бошқармасига қарашли хизмат итларини чаққон ва алдамчи ҳаракатлари иштирокчилар олқишига сазовор бўлди.
– Бу каби тадбирлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади, – дейди майор Лутфулло Жалолов. – Ҳозирги кунда шаҳар ва туман марказларида ҳарбий техникалар парадини ўтказяпмиз. Ҳарбий қисмларда «Очиқ эшиклар куни» ўтказиляпти. Полигонларда ўқувчилар жанговар машғулотларни кузатишяпти. Умумий айтганда “Ватанпарварлик ойлиги” тадбирлари халқ ва армия бирдам эканлигини намоёян қилмоқда.
Тадбир сўнггида Жиззах гарнизони раҳбарияти ва Миллий гвардия қўмондонлиги ҳамда Ички ишлар бошқармасининг махсус отряди томонидан ҳарбий техника ва қурол-яроғлар кўргазмаси намойиш этилди.









