Қорақалпоғистоннинг 21 минг нафардан ортиқ аҳолиси БМТ тараққиёт Дастури кўмагида такомиллаштирилган ижтимоий инфратузилма иншоотларидан фойдаланиш имконига эга бўлди.
Янги 2020 йил арафасида Тахтакўпир туманида ижтимоий инфратузилманинг учта иншоотини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳа “Орол минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш” Қўшма дастури кўмагида амалга оширилди. Бу ҳақда лойиҳанинг БМТ тараққиёт Дастури ахборот хизмати хабар берди.

Дастур доирасида қишлоқ аҳолисини асосий ижтимоий инфратузилмалардан фойдалана олишини кенгайтиришга йўналтирилган ҳамжамиятларни ривожланиш Режаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун турли даражадаги тадбирлар ўтказилди.
Дастур доирасида чекка ҳудудларда жойлашган ижтимоий заиф қатламнинг яшаш жойларидаги инфратузилмани ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш ва амалга ошириш йўли билан асосий ижтимоий хизматларни яхшилаш учун зарур бўлган кўмак тақдим этилди.
Аҳоли энди сув ташиб юрмайди
Энди “Қара ой” қишлоқ фуқаролар йиғинининг “Пурхан-озек” қишлоғи аҳолиси сув олиб келиш учун қўшни овулларга бормайди. Сув қувур орқали уйларига кириб келди. Лойиҳани амалга ошириш доирасида узунлиги 1,5 километр бўлган сув ўтказгич тизими ўтказилди ва Туямўйин-Нукус-Тахтакўпир марказий магистралига уланди. Шундай қилиб, 250 нафар инсон тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга бўлди. Сув каналининг туман бўлими раҳбари Aсилбек Қораболайев ОAВга берган интервюсида шундай деди:
- 2018 йилдан бери туманимиздаги тўртта аҳоли турар жойи “Макпалкол”, “Давқара”, “Хожамат овул” ва “Пурхан-озек”нинг 4000 минг нафар аҳолиси тоза ичимлик сувига етишдилар. Иккита сувни тозалаш қурилмаси тўлиқ тикланди, янги сув ўтказгич тизмаларининг узунлиги 10 километрдан ошиқдир.
Бу ерда инновациялар ҳам қўлланилди. Сув сифатининг юқори стандартларини таъминлаш учун иккита лойиҳада қайтувчи осмос чучуклаштириш тизими жорий қилинди. Бу кўп босқичли тизим бўлиб, унда қайтувчи осмос мембранаси асосий фильтрловчи ҳисобланади. Сувдаги ифлосланишнинг катта қисмини олиб ташлаш ва қайтувчи осмос мембранасини муддатидан олдин ифлосланишдан эҳтиёт қилиш учун олдиндан тозалашнинг учта босқичи ишлатилади. Бундай қурилмадан техник фойдаланишга қатор талаблар бор ва улар қурилишда инобатга олинди.

Ўқувчиларга қулайлик яратилди
“Гарезсизлик” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 6-сон умумтаълим ўрта мактабнинг ўқувчилари учун ҳам бу кун алоҳида хурсандчилик келтирди. Ўқув муассасасида мажлислар зали тўлиқ таъмирланди, анжуманлар ва спорт залларининг томини қайта тиклаш ишлари олиб борилди.
- Бизнинг мактабда 480 нафардан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда. Совуқ ва ёмғирли мавсумда жисмоний тарбия билан шуғулланиш жуда ҳам мураккаб эди. Ендиликда биз яратилган янги шароитлардан жуда ҳам хурсандмиз, томдан бошқа чакка ўтмаяпди, болалар спорт билан тўлақонли шуғулланиш имконига эга бўлишди. Энди Янги йил байрамини янгиланган мажлислар залида ўтказамиз. Ўқувчилар байрам дастурини тайёрлашга киришиб кетдилар, - дейди 6-сон мактабнинг директори Ойшахон Мадреймова.

Кичкинтойларга ғамҳўрлик
“Жанадаря” қишлоқ фуқаролар йиғинида 11-сон болалар боғчаси жойлашган, бу ерда 60 нафарга яқин болакай дастлабки сабоқларни олмоқда. Муассаса тўртта бинодан иборат, улардан бири тўлиқ таъмирдан чиқди.

- Дастур кўмагида, бизнинг болалар боғчамиз бутун бир овунчоқларнинг мажмуасини, янги ўйин майдончасини қабул қилиб олди. Тарбияланувчиларга жисмонан ривожланиш, фаол ҳордиқ чиқариш учун барча имконият яратиб берилди, - дейди туман мактабгача таълим бўлими раҳбари Мияссар Aлламбергенова.

Бундан ташқари, Тахтакўпир туманининг энг азият чеккан овуллари аҳолиси электр энергиясини тўхтовсиз таъминотига эга бўлдилар. Электр тармоғининг туман бўлими раҳбари Aзат Жумабеков ОAВ вакиллари билан мулоқотда қайд этганидек:
- Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан тўхтовсиз электр таъминотини олишни яхшилаш бўйича ишлар олиб борилди. Туманимиз қуввати 160 ва 250 киловатт бўлган 5та электр трансформаторларни қабул қилиб олди. Улар эскирган трансформаторларнинг қуввати етишмаслиги сабабли электр таъминотида доим узулишлар бўлиб турган қишлоқларда ўрнатилди.
Умуман олганда, Қўшма дастур кўмагида 2017 йилдан бери Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир, Мўйноқ ва Шуманай туманларидаги 33 та овулнинг 21 190 нафардан ортиқ қишлоқ аҳолисининг (49,5 фоизи аёллар) турмуш даражасини оширишга йўналтирилган 33 та инфратузилмавий лойиҳа амалга оширилган. Тоза ичимлик сувига етишиш соҳасида 8 484 нафар инсон учун асосий ижтимоий хизматлар такомиллаштирилди, 10 207 нафар одам эндиликда электр энергиясидан тўхтовсиз фойдаланиш имконига эга бўлдилар. 2 181 нафар ўқувчи таълим олаётган 4та умумтаълим ўқув муассасасида ва 55 нафар болакай тарбияланаётган битта мактабгача таълим муассасасида тўлиқ тиклаш ишлари олиб борилди.
БМТнинг Оролбўйи минтақасидаги Қўшма Дастури 2016-2019 йиллар давомида Орол инқирози оқибатларидан энг кўп салбий таъсир кўрган ҳудудлардаги инсонлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилди. Дасутрда биринчи навбатда маҳаллий аҳоли, умуман, ҳамжамиятларнинг турмушлари сифатини яхшилаш ва даромад олиш имкониятларини кенгайтириш вазифаси белгиланган эди.
Манзура Бекжонова тайёрлади.






