АсосийЖАМИЯТ

Ёнғин хавфсизлиги институтида Янги йил тантанаси унутилмас бўлди

Замоннинг шиддатини кўрингки, кўз очиб юмгунча тўрт фасл алмашиб, 2020 йилнинг остонасида...

'Ёнғин хавфсизлиги институтида Янги йил тантанаси унутилмас бўлди'ning rasmi

Замоннинг шиддатини кўрингки, кўз очиб юмгунча тўрт фасл алмашиб, 2020 йилнинг остонасида турибмиз. Файзли хонадонларимизга янги йил қадам қўйган фурсатда эски йил умримизнинг бир бўлагини ўзи билан тарих қатларига олиб кетди. Шукрки, 2019 йил тарих саҳифаларига бой берилган йил сифатида эмас, ҳар бир ватандошимиз ҳаётида унутилмас ёрқин лаҳзалар қолдирди, баракали, омадли йил сифатида муҳрланди.

Одатда одамлар ўтиб кетаётган йилга шукрона айтиб, кириб келаётган йилни яхши ниятлар билан байрамона кутиб олишга одатланганлар. Қаерда бўлмасин ўз анъаналарига содиқ қолган ҳолда нишонлайдилар. Кириб келган йил ўтган йилданда баракалироқ бўлишини ният қилишади.

Янги йил остонасида Институтда ҳам байрам шукуҳи ҳукмрон. Ёнғин хавфсизлиги институти раҳбарияти ташаббуси билан янги йил байрами арафасида Институт доимий шахсий таркиби учун ташкил этилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркасининг кўтаринки руҳда ўтаётганлиги айниқса ходимларни мамнуният билан уйларига янги йил байрами учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишмоқда.

Ана шундай байрам шукуҳи кезиб юрган бир паллада Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтининг “Маънавият ва маърифат” марказида “Янги йил” байрамига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Институт доимий шахсий таркиби ва уларнинг оила аъзолари, таниқли санъаткорлар, янги йил қаҳрамонлари ва таклиф этилган Сергели туманидаги 300-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирни очиб бериш учун бошловчилар томонидан таклиф этилган меҳмонларга шеърий сатрлар билан байрамона кайфият тилаган ҳолда Институт бошлиғи вақтинча вазифасини бажарувчиси полковник Дилшод Тохтамурадовга сўз берилди. Институт раҳбари бугунги тадбир иштирокчиларини ва таклиф этилган меҳмонларни янги йил байрами билан қутлар экан, 2019 йил биз учун омадли йил бўлгани, ўтган давр мобайнида Институтнинг тарих зарварақларига ёзилажак оламшумул ҳодисаларга бой бўлгани, жумладан, давлатимиз раҳбарининг  фармонлари билан Институтимиз Ички ишлар вазирлиги тизимидан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибига ўтказилганлиги, муҳтарам вазиримиз томонидан ходимларимизнинг 6 нафарига “Полковник” махсус унвонлари берилгани, албатта унутилмас воқеалардан бири бўлганлигини алоҳида таъкидлаб, яна бир бор тадбир қатнашчиларини ва уларнинг тимсолида оила аъзоларини кириб келаётган янги йил байрами билан самимий табриклади.

Шундан сўнг, тадбирнинг саҳналаштирилган бадииий қисми аввалида Институтнинг “Маънавият ва маърифат” маркази ходими сафдор Бобур Раҳимжонов ижросидаги тарона билан байрам тадбирига янада хуш кайфият улашилди. Бошловчилар томонидан олиб борилган турли танловлар, янги йилнинг салбий ва ижобий қаҳрамонлари байрам тадбирига ўзгача шукуҳ бағишлаб турган бўлса, саҳна ўртасида турли-туман ўйинчоқлар билан безатилган каттакон арча эсаболажонларимизни шодлигига янада қувонч ҳадя этмоқда. 

Ва ниҳоят ҳаяжонли онларни туҳфа этгувчи лаҳзалар, яъни болажонларимиз томонидан баланд овозда баралла таклиф этилган қорбобо ва қорқизни катта олқишлар билан саҳнада кутиб олинди.  Қорбобо жажжи болажонларимиз ёдлаб келган шъерларини тинглаб, топишмоқларга жавобларини эшитиб, уларга аталган совға-саломларини улашди, албатта бугунги янги йил байрами аввалгиларидан кўра янада файзли ва ўзгача байрам шукуҳи билан ўтмоқда. Театрлаштирилган томошалар, байрам ҳазилини ўзида акс этган видеороликлар намойишлари, шўх-шодон болажонлармизнинг беғубор шодликларига янада шодлик улашди. 

Тадбир сўнгида эса Институтнинг “Маънавият ва маърифат” маркази бошлиғи подполковник Савриддин Нажмиев ижросидаги байрамона кайфият улашувчи шўх-шодон куй-қўшиқлар янгради. 

— Янги йил байрами барчага бирдек завқ улашувчи айёмдир, байрам арафасида ранг-баранг чироқлар билан безатилган Институт ҳудудидаги арча нафақат ходимларга балки меҳмонларга ҳам бир олам завқ-шавқ, кўтаринки кайфият улашмоқда. Ходимлар қалбида фараҳбахш кунлар учун шукроналик ҳиссини ошириб, эзгу ниятларни уйғотмоқда дейди — Институт “Маънавият ва маърифат” маркази бошлиғи подполковник Савриддин Нажмиев. 

— Янги йил - нафақат болалар, ҳатто катталар ҳам ниятлари ижобат бўлишига ишонадиган эртакмонанд байрам. Лекин у айниқса болажонларга катта қувонч улашади. Ахир бу кунда улар болалик аталмиш эртакнинг бош қаҳрамони - Қорбобо билан учрашадилар,болалар ҳамда катталар  учун бу байрам янада қизиқарли ва жозибадорлиги билан барча байрамлар ичида ажралиб туради. Барчага  янги йил завқи ва байрам кайфиятини улашиш мақсадида, юқори савияда ташкил этилган бугунги байрам тадбирига таклиф этилган барча ота-оналар номидан тадбир ташкилотчиларига, шу билан бирга алп-қоматли, жасур курсантларни тарбия қилаётган ушбу олийгоҳнинг раҳбариятига, профессор-ўқитувчиларига ва жамоасига самимий миннатдорчилик билдираман дейди — Институт ўқитувчиси капитан Мансур Бойхўрозовнинг турмуш ўртоғи Сарвинисо Бойхўрозова.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 

Ёнғин хавфсизлиги институти 

Матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар