АсосийЖАМИЯТ

Урганчда ватанпарварлик фестивали барчани ҳайратга солди (фото)

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Урганч шаҳрида ўрнатилга...

'Урганчда ватанпарварлик фестивали барчани ҳайратга солди (фото)'ning rasmi

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Урганч шаҳрида ўрнатилган Марказий Янги йил арчаси олдидаги майдонда ватанпарварлик фестивали ташкил этилди.

Қувноқ қўшиқлар, дилтортар куйлар билан барчани ўзига жалб этган Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоасининг санъати аҳоли, айниқса ёшларда ватанпарварлик, юртсеварлик каби олижаноб туйғуларни жўш урдирди.

Қалби офтобдек қайноқ йигиту қизлар ҳарбий акаларининг қурол ва аслаҳалар билан кўрсатган саф элементлари, ҳарбийча кўл жанги усулларини маҳорат билан бажарганини ўзгача завқ билан томоша қилишди. Жанговар ҳамда миллий ва жаҳон мусиқалари садолари остига рақсга тушишди. Урганчликлар учун шу куни ўзгача байрам бўлди. Йиғилганлар ҳарбий санъаткорлар билан жўр бўлиб ватанпарварликка йўғрилган қўшиқларни бирга куйлашди.

“Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!” шиори остида ўтган фестивалда икки мингга яқин аҳоли иштирок этди. Тадбир давомида ёшлар ҳарбий акалари билан суҳбат қилишди. Асосий мавзу – “ҳарбий хизматчи бўлиш учун нималарга эга бўлиш керак?” бўлди.

Барчанинг эътиборига муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан “Ватанга қасамёд” матни ўқиб эшиттирилди. Унинг янгича мазмуни “Ҳарбий қасамёд”дан нимаси билан фарқ қилишини айтиб ўтишди.

Шунингдек, фестиваль доирасида ҳарбий хизматчилар Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Президентимиз фармони билан эълон қилинган “Ватанпарварлик ойлиги”да барчани фаол иштирок этишга чорловчи кўргазмали воситаларни тарқатишди. Мамлакатимизга меҳмон бўлиб келган хорижлик сайёҳлар ҳам ушбу байрамда фаол иштирок этишга сўз беришди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар